Давлат хизматлари кўрсатиш яхшиланмоқда
Наврўз байрами арафасида Бекобод тумани адлия бўлими, Давлат хизматлари маркази, ФХДЁ бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Барча замонавий қулайликка эга мазкур иншоот бекободликларга муносиб туҳфа бўлди.
Унинг очилишида вилоят адлия бошқармаси ва туман бўлими масъуллари, туман ҳокимлиги вакиллари, ҳудуд фаоллари ва фахрийлар, соҳа ходимлари қатнашди. Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросига асосан жойларда аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш сифат жиҳатидан янги даражага ўтишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларга “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари сервисининг юқори сифати, тезкорлиги, шаффофлиги, қулайлиги ва фойдаланиш имкониятини таъминлаш, мазкур соҳада бюрократия, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларга йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, дастлаб давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар сони 33 тани ташкил этган бўлса, ҳозир улар 330 тадан ошди. Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн тартибда кўрсатиладиган хизматлар эса 600 дан зиёд.
Бекобод туманининг 165 минг нафардан ортиқ аҳолиси учун Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилиши эса эндиликда ФҲДЁ, паспорт бўлимлари, кадастр, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш каби йўналишларда анча қулайлик яратди.
– Мазкур бино ишга тушгач, бу ерга келувчилар сони ошди, – дейди Бекобод тумани адлия бўлими Давлат хизматлари маркази директори Убайдулла Мирзаев. – Ҳар бир мижозга ўртача 6 дақиқа ичида хизмат кўрсатилмоқда. Марказда бепул WiFi зонаси, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш бурчаги, кутубхона, болалар майдончаси ташкил қилинган. Асосан электрон рақамли имзо олиш, болаларни мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш ҳамда кўчмас мулк объектларига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш каби хизматларга талаблар катта бўлмоқда.

Марказда тадбиркорларга қулайлик яратиш учун уларнинг давлат рўйхатидан ўтиши билан бир вақтда, таъсис ҳужжатларини, муҳр-штамп эскизини тайёрлаш, банкдан ҳисоб рақами очиш ҳам йўлга қўйилган. Шу билан бирга, ижтимоий ҳимоя ягона реестрида рўйхатда турган фуқароларга давлат божи ундирилмасдан хизматлар кўрсатилмоқда. Жорий йил бошидан буён Бекобод туманининг олис ҳудудларида жойлашган Ёшлик-2, Қорақуйли, Саврак, Пахтакор, Ачамайли, Найман каби маҳаллаларда 3280 дан зиёд сайёр хизматлар жойида амалга оширилди.
Айниқса, бу борадаги саъй-ҳаракатлар Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” ҳуқуқий акцияси доирасида ҳам ҳар бир маҳаллада йил бўйи давом этади.
А.Мусаев, Д.Эрназаров (сурат), ЎзА мухбирлари