Давлат хизматлари кўрсатиш такомиллашмоқда
Ер ва кадастр йўналиши юртдошларимизнинг ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Афсуски, баъзилар соҳадаги янгиликлардан бехабар қолиб, фирибгарлар тузоғига илиниб қолмоқда. Масалан, кадастр паспортини шакллантириш борасида. Илгарилари кадастр ҳужжатини тайёрлатиш учун кадастр идораларига борилар, бу ортиқча оворагарчиликларга сабаб бўларди. Бугун кунда эса тартиб ўзгарган.
Кадастр соҳасида давлат хизматлари катта ўрин тутмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги “Кадастр соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида кўчмас мулк объектига кадастр паспортини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди. Унда ариза берувчи кадастр паспортини олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади, деб белгиланган.
Шунга асосан бугунги кунда юридик ва жисмоний шахслардан кадастр паспортини тайёрлатиш бўйича буюртма аризалар электрон кўринишда келиб тушмоқда. Буюртма аризалар электрон тартибда ижро этилмоқда. Дастур ишга тушганидан буён юридик ва жисмоний шахслардан кадастр паспортини тайёрлатиш бўйича 169 минг 531 та мурожаатлар келиб тушган. Жорий йилнинг 9 ойи давомида жами 55 минг 828 та мурожаатлар қабул қилиниб, 41 минг 143 таси ижобий ҳал этилди.
Аҳоли орасида яна бир ҳолат борки, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва ноқонуний қурилмалар қуриш. Бу борада ҳам назорат кучайтирилган. Бугунги замонавий техникалар ёрдамида аниқлаш осонлашган. Президентимизнинг 2022 йил 21 февралдаги “Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда ер қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олиш, уларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар доирасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида 695 та ҳолатда жами 155,3 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланган. Ушбу ҳолатлар юзасидан Кадастр агентлиги органлари томонидан ер қонун бузилиш ҳолатларини содир этган 613 та шахсларга нисбатан бартараф этиш юзасидан ёзма кўрсатмалар юборилиб, 248 та ҳолатда 69,9 гектар ер майдонларида йўл қўйилган қонун бузилиш ҳолатлари жойида бартараф этилган.
Шунингдек, бугунги кунда соҳада коррупцияга муросасиз бўлиш борасида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Кадастр тизимида хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доимо эътиборимиздаги масала бўлиб қолаверади.
Нодирбек Машрапов,
Кадастр агентлиги Фарғона вилояти
бошқармаси бошлиғи
ЎзА