Давлат хизматида янги босқич: Жанубий Корея тажрибаси ва амалий ташаббуслар
Мамлакатимизда натижага асосланган бошқарувни жорий этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда давлат хизматига замонавий рақамли ва интеллектуал технологияларни кенг татбиқ этиш бўйича тизимли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Шу нуқтаи назардан хорижий мамлакатларнинг илғор бошқарув моделлари ва HRD (инсон ресурсларини ривожлантириш) тажрибасини ўрганиш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамда Корея давлат бошқаруви институти (KIPA) ҳамкорлигида жорий йилнинг 5-13 сентябрь кунлари Сеул шаҳрида “Ўзбекистон давлат хизматчиларининг салоҳиятини ошириш дастури” лойиҳаси ташкил этилди. Унда бошқарув ходимлари, вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари вакиллари иштирок этди.
Ташриф давомида делегация аъзолари Кореянинг маҳаллий ҳудудларни ривожлантиришдаги “Saemaul Undong” (“Янги қишлоқ ҳаракати”), инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш, HRD сертификатлаш, электрон таълим платформалари, “Smart Village”, сунъий интеллект трансформацияси ҳамда хусусий секторда, жумладан, “POSCO Group” ва “Samsung” компанияларида инсон капиталини ривожлантириш тажрибалари билан яқиндан танишдилар.
“Saemaul Undong”: аҳоли ташаббускорлиги — ҳудудий ривожланиш пойдевори
Хизмат сафарининг муҳим манзилларидан бири Тэгу провинциясининг Чхондо қишлоғи бўлди. Делегация аъзолари ушбу ҳудудда 1970 йилда асос солинган ва бугунги кунда жаҳонда тан олинган “Saemaul Undong” (“Янги қишлоқ ҳаракати”) фаолиятини ўрганди.
Мазкур ҳаракатнинг бош ғояси — меҳнатсеварлик, ўз-ўзига ёрдам ва жамоавий ҳамкорлик тамойилларига таянади. Чхондо қишлоғи тажрибаси шуни кўрсатдики, маҳаллий ҳудудларни ривожлантиришда фақат ташқи ёрдамга таянмасдан, аҳолининг ўз ташаббуси ва имкониятларини сафарбар этиш инфратузилмани яхшилаш ҳамда шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги фарқни камайтиришда энг самарали омил ҳисобланади.
“Best HRD” ва баҳолашнинг замонавий мезонлари
Кореяда давлат хизматчиларининг салоҳиятини ошириш ва лавозим таҳлили тизими “Стратегия — компетенция — ўқитиш — амалиётга татбиқ этиш — ривожланиш” тамойили асосида йўлга қўйилган.
Иштирокчилар ташриф давомида KERIS томонидан тақдим этилган “Best HRD” сертификатлаш тизимини атрофлича ўрганди. 2025 йилги баҳолаш мезонларига кўра, ташкилотлар 1000 баллик тизимда (HRM бўйича 400 балл ва HRD бўйича 600 балл) баҳоланади. Бунда ходимнинг шунчаки ўқув курсида иштирок этгани эмас, балки олинган билимларнинг реал иш жараёнида қўлланилиши ва ташкилот натижадорлигига таъсири асосий мезон этиб белгиланган. Шунингдек, KRIVET тизими мисолида миллий малака стандартлари, касбий компетенциялар ва сертификатлаш жараёнларини ўзаро уйғунлаштириш механизми таҳлил қилинди.
[gallery-31440]
Электрон таълим платформаси ва 70:20:10 модели
Давлат хизматчиларини узлуксиз ўқитиш мақсадида Кореяда 33 та таълим муассасасининг дастурларини бирлаштирган ягона электрон муҳит яратилган. 2025 йил ҳолатига кўра платформада 3,13 миллион ўқув контенти жамланган бўлиб, йиллик ўқув сессиялари сони 2,83 миллионни ташкил этмоқда.
Ўрганишлар давомида узлуксиз таълимда 70:20:10 ёндашуви устувор экани қайд этилди:
70% — бевосита берилган топшириқлар ва бевосита амалий иш тажрибаси;
20% — ижтимоий ўрганиш ва ҳамкасблар тажрибаси;
10% — расмий ўқув курслари.
Қишлоқ ҳудудларини рақамлаштириш ва “Smart Village”
Шунингдек, иштирокчиларга Корея Интеллектуал ахборот жамияти агентлиги (NIA) томонидан “Smart Village” лойиҳасининг амалий натижалари намойиш этилди. Қишлоқ ҳудудларида рақамли тафовутни камайтириш ва турмуш сифатини оширишга қаратилган ушбу йўналишга 2019–2026 йилларда 404,8 млрд вон ажратилган.
Лойиҳа доирасида “Ақлли кексалар марказлари”, масофавий тиббий консультациялар, қишлоқ хўжалигида дрон ва IoT сенсорларидан фойдаланиш ҳамда ижтимоий хизматларни автоматлаштириш тизимлари муваффақиятли жорий этилган.
“AX” босқичи: давлат бошқарувида сунъий интеллект
Жанубий Корея рақамлаштиришдан AX (AI Transformation — сунъий интеллект трансформацияси) босқичига фаол ўтмоқда. «Public AI Project Support Center» ва «National AI Common Platform» тажрибаси шуни кўрсатдики, давлат идоралари учун ягона AI платформасининг мавжудлиги алоҳида тизимлар яратиш харажатларини кескин қисқартиради.
Айниқса, “AI National Secretary” хизмати орқали фуқароларга табиий мулоқот асосида давлат хизматларини автоматик тавсия этиш тизими йўлга қўйилган. Бунда AI этикаси ва шахсий маълумотлар хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилади.
Хусусий сектор тажрибаси ва амалий натижалар
Дастурнинг яна бир муҳим қисми — хусусий секторнинг HRD тизимини ўрганиш бўлди. Иштирокчилар “POSCO Group University” ва “Samsung” компанияларининг HRD марказлари фаолияти билан танишдилар. Корпоратив бошқарувда ходимга шунчаки харажат эмас, балки асосий актив сифатида қаров шаклланган. Samsung тажрибасида раҳбар кадрлар учун 5 та асосий компетенция (келажакни прогноз қилиш, қулай муҳит яратиш, натижадорлик, истеъдодларни ривожлантириш ва ўзини бошқариш) белгилангани таҳлил қилинди.
Муҳим жиҳати, иштирокчилар хизмат сафари якунида “Ўзбекистон давлат секторида HRD сертификатлаш тизимини жорий этиш” бўйича Ҳаракатлар режасини (Action plan) ишлаб чиқдилар ва муваффақиятли ҳимоя қилдилар.
Хулоса қилиб айтганда, Жанубий Кореянинг илғор тажрибаси ва рақамли ечимлари Ўзбекистон давлат бошқарувини “рақамлаштиришдан — интеллектуал бошқарувга” ҳамда “вазифани шунчаки бажаришдан — аниқ ва ўлчанадиган натижа яратишга” ўтказишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Ушбу орттирилган билим ва амалий механизмларнинг миллий тизимга татбиқ этилиши давлат хизмати самарадорлигини ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқишга замин яратади.
Камола Юсупова,
ЎзА