Давлат хизматида аёллар фаоллиги ортиб бормоқда
Жиззах шаҳрида “Давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш сари” мавзусидаги аёл раҳбарлар форум-семинари бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамда Жиззах вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Форумда давлат хизматининг турли бўғинларида фаолият юритаётган раҳбар аёллар, туманларнинг ҳоким ўринбосарлари, “Раҳбар аёллар мактаби” тингловчилари, кадрлар захирасидаги мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Форумнинг асосий мақсади — хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги иштироки, етакчилик салоҳияти ва ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш, улар учун тажриба алмашиш ва касбий ўсиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Маълумотларга кўра, 2017 йилда бошқарув соҳасида аёллар улуши 20 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 35 фоизга етди. Қонунчилик палатасидаги депутатларнинг 38 фоизи, Сенат аъзоларининг 27 фоизи хотин-қизлардир. Бу кўрсаткичлар Янги Ўзбекистонда хотин-қизларга қаратилаётган эътиборнинг амалий натижасидир.

Форумда соҳадаги ислоҳотлар, давлат хизматини рақобатбардош кадрлар билан таъминлаш, раҳбар аёлларнинг ҳиссаси ва ролини кучайтириш ҳақида ҳам фикрлар билдирилди. Тадбирда сўзга чиққанлар аёлларнинг давлат бошқарувидаги иштироки давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Семинар давомида турли мавзуларда интерактив машғулотлар, фикр алмашувлар ташкил этилди. Жумладан, лидерлик, халқпарварлик, креатив ёндашув, давлат хизматида оила ва карьера мувозанатини сақлаш, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, жамоатчилик билан ишлаш усуллари, эмоционал зеҳн ва бошқарув кўникмалари ҳақида атрофлича сўз борди.

“Zakovat” интеллектуал ўйини иштирокчилар учун билим ва зеҳн синови, жамоавий фикрлаш ва стратегик таҳлил майдонига айланди. Шу билан бирга, иштирокчилар учун Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Шароф Рашидов музейларига экскурсиялар уюштирилди.
Форум доирасида иштирокчилар Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида жойлашган “Agro In Vitro” замонавий агрокорхонасида ҳам бўлишди. Бу ерда улар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илғор инновацион ёндашувлар билан танишишди.

Корхона ҳудудида 20,4 гектарлик майдонда кўчатчилик лабораторияси ташкил этилган бўлиб, унга 20 миллион доллар инвестиция жалб этилган ва 70 дан зиёд янги иш ўрни яратилган.
Форум якунида қатнашчиларнинг соҳага доир таклиф ва фикрлари ижтимоий сўров шаклида ўрганилди. Бу келгусидаги чора-тадбирларни янада самарали ва мақсадли ташкил этишда муҳим манба сифатида хизмат қилади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбири