Дaвлaт хизмaтчиси қaндaй бўлиши керaк?
Сирдарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятига бағишланган ўқув семинари ўтказилди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, гуруҳ ва котибият мудирлари, аппарат ходимлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари вакиллари иштирокида шаҳар, туманлар ҳокимликлари билан видеоконференция алоқа шаклида ўтган семинарда дастлаб Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул ходими Ўктам Ҳамроевнинг маърузаси эшитилди.

Давлат фуқаролик хизматчилари ўртасидаги ўзаро муносабатлар, давлат фуқаролик хизматчиларининг ишчанлик обрўси ва хизматнинг нуфузига путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик, хизмат фаолиятидаги ва хизматдан ташқаридаги хулқ-атворнинг асосий қоидалари ҳақида батафсил тушунча берилди. Шундан сўнг Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг вилоят филиали раҳбари Отабек Мавлонбердиевнинг “Давлат фуқаролик хизматчиларининг намунавий одоб-ахлоқ қоидалари, уларни қабул қилиш шарт-шароитлари, зарурати ва аҳамияти ҳамда Касбий маданиятга оид, хизмат фаолиятидаги ва хизматдан ташқари, шунингдек, ташқи кўриниш ва кийиниш услубига оид умумий одоб-ахлоқ қоидалари” мавзусидаги маърузаси тингланди.

Семинарда жамоатчилик вакиллари, жисмоний ва юридик шахслар билан ишлашда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш ва унинг аҳамияти, манфаатлар тўқнашуви ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Давлат фуқаролик хизматчилари ҳалол ва виждонан фаолият олиб боришлари, халқ розилиги учун меҳнат қилишлари зарурлиги, давлатимиз раҳбари томонидан қўйилаётган асосий талаб ҳам шундан иборат эканлиги, вилоятда ҳам белгиланган одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилинишини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Иштирокчиларни қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.
Ш.Суяров,
Ш.Ортиқбоев, ЎзА.