Давлат хизматчиларининг касбий кўникмалари оширилади
Самарқандда давлат хизматида касбий мотивация ва барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган ўқув-тренинг бошланди.
Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда юртимиздаги “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман(шаҳар)” мақоми берилган 33 туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари иштирок этмоқда.
Тренингда мамлакатимизда давлат бошқарувини такомиллаштириш ва рақамли давлат хизматларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар шароитида давлат хизматчиларига қўйилаётган талаблар тобора ортиб бораётгани таъкидланди.
Хусусан, самарали давлат бошқаруви техник билимлар билан бир қаторда фуқаролар эҳтиёжларига эътиборни сақлаб қолган ҳолда ўзгаришларни муваффақиятли ўзлаштирадиган, мотивацияли, мослашувчан ва бардошли мутахассисларга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Шу боис тренингда фуқароларга сифатли хизмат кўрсатиш, иш жараёнидаги қийинчиликларни осон енгиш ва ўзгаришларга мослашиш учун зарур бўлган шахсий ва касбий кўникмаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Давлат бошқарувини муваффақиятли ислоҳ қилиш нафақат замонавий тизимлар ва технологияларга, балки мотивацияси кучли ва барқарор давлат хизматчиларига ҳам боғлиқ, – деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси муваққат ишлар вакили ҳамда сиёсий масалалар, матбуот ва ахборот бўлими раҳбари Рената Вробел хоним. – Шу жиҳатдан, Европа Иттифоқи давлат хизматчиларининг ўзгаришларга мослашиш, сифатли хизматлар кўрсатиш ва фуқаролар эҳтиёжларига янада самарали жавоб бериш кўникмаларини мустаҳкамлайдиган ташаббусларга кўмак беришдан фахрланади.
Икки кун давомида иштирокчилар касбий мотивация, стресс менежмент, ҳиссий барқарорлик ва самарали мулоқот соҳасидаги амалий кўникмаларини мустаҳкамлайди. Дастур, шунингдек, юқори самарадорликни сақлаб қолиш, касбий чарчоқнинг олдини олиш ва узлуксиз ўрганиш ҳамда институционал ривожланишни қўллаб-қувватловчи ижобий иш муҳитини шакллантириш стратегияларини ҳам ўз ичига олади.
БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужи хонимнинг таъкидлашича, давлат хизматчиларининг мотивацияси, барқарорлиги ва касбий ўсишига сармоя киритиш – жамоатчилик томонидан ишонч қозонган, фуқароларга мослашувчан ва инклюзив муассасаларни барпо этиш учун муҳим аҳамиятга эга. Бундай ташаббуслар орқали ҳар бир фуқаронинг эҳтиёжларини қондиришга тайёр бўлган давлат хизмати шакллантирилади.
Мазкур тадбир Ўзбекистон давлат бошқарувининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли саъй-ҳаракатларнинг бир қисми бўлиб, лойиҳа доирасида 2029 йилгача 1000 нафар давлат хизматчиларининг инклюзив, фуқароларга йўналтирилган давлат хизматларини кўрсатиш бўйича малакаси оширилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири