Давлат харидлари тизими янада такомиллаштирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига давлат харидлари тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат харидлари тизимини такомиллаштириш, рақобат муҳитини кенгайтириш ва маблағлардан самарали фойдаланишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнларини жадаллаштириш доирасида корпоратив буюртмачилар харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тақдим этиладиган имтиёз ва преференцияларни бекор қилиш, давлат харидларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, парламент назоратини кучайтириш ҳамда соҳадаги низоларни ҳал этиш механизмларини такомиллаштириш масалалари долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Унга мувофиқ, бюджет буюртмачилари харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва хизмат кўрсатувчилар таклифларини баҳолашда имтиёз ва преференциялар бериш, давлат харидлари соҳасидаги ваколатли органнинг вазифаларини аниқлаштириш, эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини кенгайтириш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, харидлар натижалари, жумладан, тўғридан-тўғри шартномалар ҳақидаги маълумотларни Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботларга киритиш, шикоятларни кўриб чиқиш бўйича ҳудудий комиссиялар ташкил этиш ва таклиф сўрови каби янги харид тартиб-таомилларини жорий қилиш белгиланмоқда.
Мазкур лойиҳа давлат харидларида ахборот очиқлигини ошириш, қарорлар қабул қилиш жараёнида шаффофликни таъминлаш ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида соғлом рақобатни ривожлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, тадбиркорларнинг давлат харидларида иштирок этиши учун қўшимча имкониятлар яратади, давлат маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини оширади.
М.Комилова,
ЎзА