Давлат тилида иш юритиш малакаси барчага керак
Фарғона давлат университетида давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази иш бошлади.
Фарғона давлат университетида давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази иш бошлади.
Марказда дастлабки тингловчилар ўқув жараёнларига қабул қилинди. Шаҳар-туман ҳокимларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари, шаҳар-туман ҳокимликларининг девонхона мудирлари ҳамда вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси масъул ходимлари ва уларнинг шаҳар-туман бўлимлари ходимларидан иборат дастлабки тингловчилар таркиби шакллантирилиб, малака оширишга жалб этилди.

Тингловчиларга Фарғона давлат университетининг малакали профессор ўқитувчилари лотин ёзувига асосланган давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш методикаси бўйича чуқурлаштирилган ўқув дастури асосида билим бермоқда. Шу билан бирга давлат хизматчиларига нутқ маданияти ва нотиқлик маҳоратини ошириш борасида ҳам курслар ташкил этилади.
Марказ ўз фаолиятини Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан узвий ҳамкорликда олиб боради. Таъкидлаш лозимки, марказнинг ташкил этилиши мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётида ўзбек тилининг ўрнини кучайтиришга ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини мустаҳкамлашга, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимларининг билим ва кўникмаларини янада ортишига хизмат қилади.