Давлат тест марказининг 9 ойлик фаолияти кўриб чиқилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир кун тартибига кўра, жамоатчилик кенгаши таркибига ўзгартириш киритиш тўғрисида масала кўрилиб, таркибга тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Шунингдек, кун тартибига киритилган 2022/2023 ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари якунлари бўйича Давлат тест маркази Тест синовларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Ф.Мирзаев ҳамда ахборот хизмати раҳбари О.Бобоев ҳисоботи тингланди.
Марказ фаолияти тўғрисида тезкор ва батафсил ахборот олишнинг янги, замонавий шаклларини жорий этиш, марказ сайти билан унга тегишли ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини интеграция қилиш, хабар ва эълонларнинг жозибадорлигини ошириш, СММ (ижтимоий тармоқлар маркетинги) воситаси орқали кучайтириш ҳамда ахборот хизматининг 2022 йил 9 ойлик фаолиятига асосий эътибор қаратилиб, муҳокама этилди.

Кенгаш аъзолари ушбу масалаларга оид ютуқ ва камчиликларни кўрсатиб ўтган ҳолда, муаммоли ҳолатларнинг олдини олиш, юзага келганларини бартараф этиш самарадорлигини ошириш, жамоатчилик кенгаши аъзоларини Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган оммавий тадбирларда иштирок этишини таъминлаш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар ва таклифларини тақдим этди.
Кўриб чиқилган масалалар бўйича кенгаш аъзолари томонидан берилган таклифлар ва фикр-мулоҳазалар эътиборга олиниб, тавсиявий характердаги муҳим қарорлар қабул қилинди.
ЎзА