Давлат ташкилотлари ходимлари "Заковат"да беллашди
Маълумки, «Заковат» интеллектуал ўйини Президентимизнинг 2021 йил 21 январдаги қарори билан аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантирилиши режалаштирилган.
Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ёшларнинг интеллектуал ривожланишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш ва бу соҳадаги ишларни мувофиқлаштириб бориш, ёшлар ўртасида интеллектуал ўйинлар, нотиқлик мусобақалари, чет тилларда мунозара ва учрашувлар ўтказиш, интеллектуал ўйинлар натижаларини оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда.

Бугун «Заковат» ва интеллектуал ўйинларга оид қарор асосида ёшларимизга берилаётган имкониятлар ҳар қачонгидан юқори, марралар юксак, ҳаракатлар жадал. Аҳоли ўртасида ушбу интеллектуал ўйинларга қизиқиш баланд.
Шунга кўра, пойтахтимизда мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Судьялар ва суд аппарати ходимлари фаровонлиги халқаро куни муносабати билан Олий суд ва вилоят судлари жамоалари ўртасида “Заковат” ўйини бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Н.Ҳакимова, Олий суд раиси Р.Маҳмудова ҳамда Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров иштирок этиб, судьялар ва суд аппарати ходимларининг саломатлиги, руҳий хотиржамлиги ҳамда муносиб меҳнат шароитларига эга бўлиши давлатимиз раҳбарининг эътиборида эканини таъкидлади.

Вилоят босқичидан муваффақиятли ўтиб келган иштирокчилар республика босқичида қизғин беллашув олиб борди.
Ўйин сўнгида билим ва мантиқий фикрлаш баҳсида 1-ўрин Қорақалпоғистон Республикасининг “Арал” жамоасига, 2-ўрин Навоий вилоятининг “Туркистон” жамоаси ҳамда 3-ўрин Наманган вилоятининг “Триумф” жамоасига насиб қилди.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган имом-хатиблар ва имом ноиблари ўртасида ҳам “Заковат” ўйини ташкил этилди.

Мусобақада Тошкент шаҳрининг 12 та туманида фаолият юритадиган диний соҳа ходимларидан тузилган 12 та жамоа ғолиблик учун ўзаро беллашди.
Қизғин рақобат руҳида ўтган беллашув якунида 1-ўринни Мирзо Улуғбек тумани жамоаси, 2-ўринни Шайхонтоҳур тумани жамоаси ҳамда 3-ўринни Олмазор тумани жамоаси эгаллади
Ғолиб жамоалар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА