Давлат мукофотлари ўз эгаларига топширилди
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Президентимиз фармони билан жорий йилда давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовар бўлган бир гуруҳ юртдошларимизга орден ҳамда медалларни тантанали равишда топширди.
Тақдирланганлар сафида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар ходимлари, ишлаб чиқариш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш тармоқлари илғорлари, илм-фан, таълим, тиббиёт соҳалари фидойилари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, ҳарбий хизматчилар бор.
Маросимда “Ўзбекистонда Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” унвони, “Фидокорана хизматлари учун”, “Меҳнат шуҳрати”, “Биринчи даражали соғлом авлод учун”, “Иккинчи даражали соғлом авлод учун”, “Дўстлик” орденлари, “Жасорат”, “Содиқ хизматлари учун”, “Шуҳрат” медали, “Мард ўғлон” давлат мукофотлари ўз эгаларига топширилди.

Тақдирланганлар номидан сўзга чиққанлар камтарона хизматлари юксак қадрланиб, давлат мукофотига муносиб кўрилгани учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. Мазкур мукофот келгусида Янги Ўзбекистонни барпо этишга янада кўпроқ ҳисса қўшишга даъват этишини алоҳида таъкидлади.

¬Бу мукофот кўпроқ ўқиб, етук мутахассис бўлишим ва спортда янада юксак чўққиларни забт этишга ундамоқда, – дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси, дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, “Мард ўғлон” давлат мукофоти совриндори Ш. Лутфиллаев. –Келгусида Олимпиада ўйинларида дунёнинг энг зўр полвонлари билан гиламга тушганимда ҳам бу эътироф ғолиб бўлиб, Ўзбекистон байроғини баланд кўтаришимга ишонч ҳиссимни мустаҳкамлади.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов сўзга чиқди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги депармент мудири Илҳом Қурбонов иштирок этди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА