Давлат мукофотлари билан тақдирланишди
Президентимизнинг Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги фармонига мувофиқ, икки нафар сирдарёлик тиббиёт ходими юксак давлат мукофотларига сазовор бўлди.
Жумладан, Мирзаобод туманидаги 17-оилавий поликлиника оилавий шифокори Ҳакимхон Холбекова II даражали «Саломатлик» ордени, Сирдарё тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси IT-оператори Зебо Закирова эса «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.
Мукофотлар мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссалари, кўп йиллик самарали меҳнатлари ҳамда касбий маҳоратлари учун берилди.

Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган тантанали маросимда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Фахриддин Қўшоқов соҳа вакилларини касб байрами билан табриклаб, уларнинг инсон саломатлигини асраш йўлидаги фидокорона меҳнатини эътироф этди. Давлат мукофотлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

«Шуҳрат» медали соҳиби Зебо Закирова 2012 йилда Гулистон тиббиёт коллежини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2014 йилда Гулистон шаҳридаги 3-сонли оилавий поликлиникада ҳамшира сифатида бошлаган. Кейинчалик Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада бир қатор йўналишларда ҳамшира бўлиб ишлаган. Айни пайтда IT ҳамшираси сифатида фаолият юритмоқда.
— Давлатимиз раҳбари томонидан меҳнатимга берилган юксак баҳо менга катта куч ва рағбат бағишлади. Бу мукофотни нафақат ўзимнинг, балки туман тиббиёт бирлашмасида меҳнат қилаётган барча ҳамкасбларимнинг ютуғи деб биламан. Келгусида ҳам янада яхши ишлаб, бунданда юксак натижаларга эришиш ва тиббиёт соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қиламан, — дейди Зебо.

Тиббиёт ходимларининг давлат мукофотлари билан тақдирланиши уларнинг соҳа ривожи ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлидаги меҳнатига берилган юксак раҳғбатдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири