Давлат гранти танловлари: амалиёт ва самара
Андижонда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг давлат гранти танловига лойиҳалар тақдим этиш масаласига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда вилоятда фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари муҳаррирлари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди мутахассислари иштирок этди.
Семинарда мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларига субсидия, давлат гранти кўринишида молиявий кўмак бериш кўлами ва ҳажми йилдан йилга ортиб бораётганлиги, уларнинг фаоллигини ошириш, мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган зарур ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
[gallery-7082]
Кейинги икки йил давомида вилоятдаги ННТ ҳамда ОАВларининг давлат грант танловларидаги иштироки, грант лойиҳаларини амалга ошириш кўрсаткичларининг пастлиги танқид қилинди.
– Айни кунда Андижон вилоятида 550 дан ортиқ ННТ, 20 дан зиёд ОАВ фаолият юритмоқда, – дейди ЎзННТМА Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Фарҳодбек Отахонов. – Минг афсуски, улар эълон қилинган давлат грант танловларида кутилган даражада иштирок этмаяпти. Ана шундан келиб чиқиб мазкур семинарда уларнинг грант танловларида иштирок этишдаги фаоллигини ошириш юзасидан кенг маълумотлар берилди. Семинар-тренингда ОАВ, давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди, шунингдек, жорий йил учун эълон қилинган давлат гранти танловларида иштирок этиш, лойиҳалар тайёрлаш ва тақдим этиш бўйича мутахассислар томонидан зарур маслаҳат ҳамда тавсиялар берилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат) ЎзА