Давлат фуқаролик хизмати қонун билан мустаҳкамланди
Мамлакатимизда деярли барча соҳалар тубдан ўзгариб, трансформация жараёнлари амалга оширилмоқда. Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларга эришиш йўлида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда чуқур муҳокамалар асосида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.
Ушбу Қонунга қандай эҳтиёж бор эди? Хорижий мамлакатлар тажрибаси, давлат хизмати тўғрисидаги қонунларида хизматчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, давлат хизматчилари фаолиятини баҳолаш, давлат хизматида ўсиш, бошқа давлат лавозимига ўтиш, меҳнатига ҳақ тўлаш, давлат фуқаролик хизматчиларининг иш вақти ва меҳнат таътиллари кенг тартибга солинганини кўришимиз мумкин.
Бизда эса бугунги кунга қадар Давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояси масалаларини тартибга солувчи, давлат фуқаролик хизматига кириш, ўташ ва тугатишни умумий ёндашувини мустаҳкамловчи қонун мавжуд эмас эди.
Қонунчилик билан давлат фуқаролик хизматчиларига белгиланган мезонлар, уларнинг фаолиятини баҳолаш жараёнлари, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартиблари белгиланмаган эди.
Қабул қилинган Қонун эса айнан ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этишда, давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги давлат сиёсати ягоналигини таъминлашда айни муддао бўлди, десак муболаға бўлмайди.
10 та боб ва 64 та моддадан иборат Қонун Давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақоми, давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлар, Давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупцияга қарши курашиш, Давлат фуқаролик хизматига кириш тартиби ва шартлари, Давлат фуқаролик хизматчиларини ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш каби нормаларни ўз ичига олган.
Айримларига тўхталиб ўтсак, Қонуннинг 19-моддасида Манфаатлар тўқнашуви нормаси акс эттирилган.
Ушбу нормада, манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, давлат фуқаролик хизматчиси ўзининг раҳбарига ёки юқори турувчи давлат органига дарҳол ёзма шаклда хабар қилиши кераклиги ва манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олган давлат органининг раҳбари эса ушбу тўқнашувни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар кўриши шартлиги белгилаб қўйилди.
Қонунда Давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари билан биргаликда унинг жавобгарлиги ҳам алоҳида нормада акс эттирилган. 14-моддага асосан, Давлат фуқаролик хизматчисининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли жисмоний ёки юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрни давлат органи томонидан қопланиши ва ушбу зарар кейинчалик айбдор бўлган давлат фуқаролик хизматчисидан ундириб олиниши кўрсатилган.
Агар, Давлат органи раҳбарининг ёки мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф топшириғини бажариш натижасида давлат фуқаролик хизматчиси томонидан зарар етказилган бўлса, унинг ўрни давлат органи томонидан қопланади. Кейинчалик зарар миқдори қонунга хилоф топшириқни берган давлат органи раҳбари ёки мансабдор шахсидан регресс тартибида ундирилиши белгилаб берилган.
Қонунда Давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ бир қатор чекловларнинг ҳам киритилганлигини кўриш мумкин. Жумладан, яқин қариндошликда бевосита бўйсунув остидаги лавозимни эгаллашга, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, ўз хизмат ваколатларини бажариш ёки бажармаслик эвазига фуқаролардан бирон-бир мукофот ёки совғалар олишга, чет давлат фуқаролигини олишга, Ўзбекистондан ташқарида ҳисоб варақлар очишга, кўчмас мулкка эгалик қилишга, шунингдек, ҳужжат билан коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор, деб топилган шахсларни давлат фуқаролик хизматига қабул қилишда ҳам чекловлар ўрнатилган.
Албатта, биз депутатлар ҳам ушбу Қонунни тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда унинг мазмун-моҳиятини ўз сайловчиларимиз орасида тарғиб қилиш ва давлат органлари билан ҳамкорликдаги ишларни бундан-да кучайтиришни ўз олдимизга мақсад қилиб олдик.
Ҳамза Рўзиев,
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати.
ЎзА