Давлат дастуридаги вазифалар ижроси қандай?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси йиғилишида «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2024 йил биринчи ярим йиллигида бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Депутатлар Давлат дастурининг партия сайловолди дастури билан ҳамоҳанг бўлган соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратди.
Қайд этилганидек, ҳисобот даврида эпидемиологик кўрсатмага асосан 7 ёшгача болаларни қизамиққа қарши эмлаш учун 2 млн. 95 минг доза қизамиқ вакцинаси харид қилиниб, 1 ёшгача болаларни режали эмлаш учун 1 млн. 481 минг доза ИПВ вакцинаси мурувват ёрдами сифатида республика миллий вакцина омборига олиб келинган. Шунингдек, республика бўйича 7 ёшгача бўлган 3 млн. 870 минг нафар болалар ўртасида қизамиққа қарши эпид кўрсатма бўйича оммавий эмлаш тадбирлари ўтказилган.

Онкологик касалликларни эрта аниқлаш, ўлим кўрсаткичини камайтириш ва юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш мақсадида 45-65 ёшдаги аёллар ўртасида онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва уларни оммавий скрининглар билан қамраб олиш бўйича 985 минг нафар аёлларда скрининг текширувлари ўтказилган.

Муҳокамалар давомида депутат Ойдин Абдуллаева Дастурнинг 42-бандида маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш белгилангани, жумладан, ушбу мақсадда Самарқанд шаҳридаги тарихий ёдгорликлар киритилганлигини айтиб, ушбу ёдгорликларни таъмирлаш-тиклаш ишлари бошландими, деган савол билан мутасаддиларга юзланди.
Бунга жавобан мутасаддилар ушбу масала юзасидан ёзма равишда қўшимча маълумот берилишини билдирди.
М.Комилова, ЎзА