Давлат дастури ижросида – жамоатчилик назоратининг ўрни
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифалар ижроси доирасида жамоатчилик назорати – адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат қуриш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш муҳим амалиёт саналади.
Шу жиҳатдан, Жиззах вилоятида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари қонунчилик доирасида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳамда нодавлат ташкилотлар фаолияти устидан жамоатчилик назорати амалга ошириб келаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Юртбошимизнинг жорий йил 21 февралдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 2024 йил “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастури бўйича Президент фармонининг 32-бандида “Юксалиш” ҳаракати Давлат дастурининг амалга оширилишини, шу жумладан, жойларга чиқиб, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда танқидий ўрганиб бориши ва натижалари бўйича ҳар ойда юқори турувчи органга ахборот киритиб боришининг мустаҳкамлаб қўйилиши бу борада самарали жамоатчилик назоратини олиб борилишини белгилаб беради.

Жумладан, давлат ҳокимияти органлари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари Ҳаракатнинг мазкур банд ижроси бўйича фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиб бориши, уларга зарурий шарт-шароит яратиб беришининг белгилаб қўйилиши Давлат дастурининг самарали ижросида катта омил бўлиб хизмат қилади.

Шундан келиб чиқиб, Ҳаракатнинг Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан давлат дастури ижроси, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси юзасидан жамоатчилик назоратининг шакллари бўлган давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик фикрини ўрганиш ҳамда жамоатчилик мониторинги механизмларидан фойдаланган ҳолда ўз фаолиятини амалга ошириб келмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида қабул қилинган фармон, қарорлар ҳамда давлат дастурлари ижроси бўйича бўлинма томонидан 15 дан ортиқ жамоатчилик мониторинги, 6 та жамоатчилик эшитуви ўтказилиб, давлат дастурининг ижро муддати етиб келган бандлари юзасидан жамоатчилик назорати олиб борилмоқда.

Жумладан, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида умумий ўрта таълим мактабларини мебель, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, спорт анжомлари ва техник воситалар билан таъминлаш, мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги умумтаълим мактабларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда умумтаълим мактабларининг санитария-гигиена инфратузилмасини босқичма-босқич таъмирлаш, шунингдек, “Муҳандислик соҳасида кадрлар тайёрлайдиган салоҳиятли олий таълим муассасалари ташкилий-бошқарув фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг илмий фаолият самарадорлигини ошириш ва моддий техник таъминотини мустаҳкамлаш”, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича белгилаб берилган вазифалар ҳамда бошқа қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси юзасидан мутахассислар, соҳа экспертларини жалб этган ҳолда жамоатчилик мониторинглари ташкил этилиб, ўтказилган мониторинг якунлари юзасидан тегишли ташкилотларга таҳлилий маълумотномалар киритилди.

Таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масаласи келгусида инсонларни рози қилиш, уларнинг ташвишларини тезкор ўрганиш ва ҳал қилишнинг энг самарали усули – халқ билан очиқ мулоқотнинг ҳуқуқий ва амалий механизмларини янада такомиллаштириш, жамият ҳаётидаги, давлат бошқарувидаги муҳим қарорларни жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилиш амалиётини кенгайтириш учун хизмат қилади.
Жасурбек Қаршиев,
“Юксалиш” ҳаракати Жиззах вилояти
ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.
ЎзА.