Давлат дастури ижроси жамоатчилик назоратида
2024 йилга мўлжалланган 5 йўналиш, 100 та мақсад ва 352 та банддан иборат “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастури асосида Бухоро вилоятида ҳам ҳудудий дастур қабул қилинган. Ҳудудий дастурда 5 йўналиш 138 банддан иборат вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган муҳим вазифалар белгиланган.
Фармонда дастур ижросини таъминлаш билан бир қаторда унинг ўз вақтида, сифатли бажарилиши бўйича жамоатчилик назоратига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, “Юксалиш” ҳаракати давлат дастурининг амалга оширилишини жойларга чиқиб, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда танқидий ўрганиб бориши ва натижалари бўйича ҳар ойда ахборот киритиб бориши белгилаб қўйилган.

“Юксалиш” ҳаракатининг Бухоро вилояти бўлинмаси томонидан “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастурининг соғлиқни сақлаш йўналишида белгиланган бир қатор вазифаларининг ижроси юзасидан жамоатчилик мониторинги тадбирлари ўтказилди.
Мониторинг тадбирлари вилоятнинг Бухоро, Ғиждувон, Когон туманлари ҳамда Бухоро ва Когон шаҳарларида ўтказилиб танлов асосида 10 дан ортиқ марказий, оилавий, оилавий шифокорлик пунктлари ўрганилди.

–Ўрганишларда давлат дастурида белгиланган ҳомиладор ва бола эмизувчи аёлларни йод препарати, 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёлларни темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминлаш, 6-23 ойлик бўлган болаларни микронутриент кукуни, 2-10 ёшдаги болаларни гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминлаш, 35-55 ёшдаги аёлларни ҳар 3 йилда 1 марта бачадон бўйни саратонига ҳамда 45-65 ёшдаги аёлларни 2 йилда 1 марта кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш бўйича скринингдан ўтказиш ҳамда оммавий онкоскрининг текширувини жорий этиш, 3-18 ёшли болаларни онкогематологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича оммавий ва селектив скринингдан ўтказиш каби вазифаларнинг ижросига эътибор қаратилди, – дейди “Юксалиш” ҳаракати Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари, вилоят Кенгаши депутати Ҳамза Рўзиев. –Ўрганишлар давомида тизимли муаммолар борлиги ҳам аниқланди. Жумладан, давлат дастурининг 16-мақсади 39-бандида белгиланган ҳомиладор ва бола эмизувчи аёлларни йод препарати билан таъминот Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тўхтатилган. 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёлларнинг фолий кислотаси препарати билан бепул таъминоти ҳам жорий йилнинг ўтган даврида марказлашган ҳолда республикадан берилмаган.
Шунингдек, ушбу мақсаднинг 40-бандида болаларнинг соғлом овқатланишини таъминлаш орқали рационал ўсиши ва ривожланиши, ақлан баркамол бўлиб шаклланишини таъминлаш мақсадида 6-23 ойлик бўлган болаларни микронутриент кукуни билан бепул таъминлаш белгиланган, бироқ 2024 йилнинг ўтган даврида ушбу вазифа ҳам республикадан таъминот амалга оширилмаганлиги боис бажарилмасдан келинмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири