Давлат божининг аниқ миқдорлари белгиланмоқда
Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида “Давлат божи тўғрисида”ги қонун маъқулланди.
Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида “Давлат божи тўғрисида”ги қонун маъқулланди.
Мазкур қонун янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан боғлиқ тарзда ишлаб чиқилган. Унда давлат божини ундириш масалаларини белгилайдиган 38 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ўзида жамлаган бўлиб, тўғридан-тўғри таъсир кучига эга ҳисобланади. Жумладан, ҳужжатда давлат божини ҳисоблаб чиқариш, тўлаш ва қайтариш тартиби ҳамда унинг миқдорлари назарда тутилган.
Қайд этилганидек, давлат божининг аниқ миқдорлари қонун даражасида белгиланиши мамлакатнинг инвестициялар жалб этувчанлигига, давлат божи тўланишидаги юк субъектларнинг географик жойлашувини ҳисобга олган ҳолда холис тақсимланишига ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, Ҳукуматнинг алоҳида қарорларини қабул қилиш йўли билан ставкалар миқдорлари асоссиз оширилишининг олдини олиш имкониятини беради.
Бундан ташқари, қонунда концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун ва бу каби фаолиятнинг айрим турларини амалга оширишга лицензия ва рухсатнома берганлик учун давлат божи ундирилиши кўзда тутилмоқда.
Хорижий валютада белгиланган давлат божлари ставкалари қайта кўрилиб, яъни уларни базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиқиб сўм эквивалетида ундириш тартиби белгиланмоқда.