Давлат бошқарувида очиқлик ва самарадорлик
Сўнги йилларда мамлакатимизда давлат фуқаролик хизмати соҳасини ривожлантириш, унинг халқаро даражага олиб чиқишда борасида кўплаб салмоқли ишлар амалга оширилди. “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви самарадорлиги агентлиги давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли орган сифатида белгиланди.
Агентлик фаолиятининг бош мақсади – давлат органлари фаолиятига натижага асосланган замонавий бошқарув моделларини жорий этиш орқали ижро интизоми ва ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини тубдан оширишдир. Бунинг учун давлат хизматчилари фаолиятини “КPI” кўрсаткичлари асосида шаффоф баҳолаш, кадрлар салоҳиятини доимий ривожлантириш ҳамда давлат фуқаролик хизматига очиқ ва адолатли танловлар тизими орқали энг муносиб мутахассисларни жалб этишни таъминлайди.
Бу борада Наманганда Давлат бошқаруви самарадорлиги агентлиги вилоят филиали томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида муайян амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилди.

Бугунги кунда 3 миллион 200 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган Наманганда фаолият юритаётган 50 та давлат органи ва ташкилоти, шунингдек, вилоят ва 14 та шаҳар-туман ҳокимликларида 5,7 мингдан зиёд давлат фуқаролик хизматчилари ишлайди. Демак, ўртача бир нафар давлат фуқаролик хизматчиси томонидан 561 нафар аҳолига хизмат кўрсатишига тўғри келмоқда.
Вилоятдаги давлат органи ва ташкилотларда ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида жами 5 минг 714 нафар давлат хизматчиси ишлаб келмоқда, шундан 4 минг 219 нафари эркак, 1 минг 495 нафари аёл хизматчилардан иборат. Давлат хизматчиларининг ёши бўйича таҳлил қиладиган бўлсак 60 ёшдан ошганлар 208, 51-60 ёшдагилар 825, 41-50 ёшдагилар 1 минг 304, 31-40 ёшдагилар 2 минг 295 ва 16-30 ёшдагилар 1 минг 82 нафарни ташкил этади. Шундан ёшлар улуши 19 фоизни ташкил этади.
Шу йил январь-сентябрь ойларида давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали (vacancy.gov.uz) орқали турли даражадаги 50 та давлат ташкилоти, вилоят ҳокимлиги ва 14 та шаҳар (туман) ҳокимлигининг лавозимлари жами 983 та вакантга 1 минг 711 маротаба танлов ўтказилди. Уларда қатнашиш мақсадида 37 минг 231 нафар номзод ариза юборган бўлиб, ҳар бир лавозимга ўртача 23 нафар номзод тўғри келади. Шундан 25 минг 123 нафар номзод малака талабларига мос келган. 11 минг 741 нафар номзод агентликнинг вилоят филиали ассесмент марказида танловнинг тест босқичида иштирок этди. Танловнинг суҳбат босқичида 6 минг 532 нафар номзод қатнашиб, шундан 927 нафари танлов ғолиби бўлди. Қолган 56 лавозимга танлов жараёни давом этмоқда.

– Агентлигимиз ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан салоҳиятли кадрлар захирасини кенгайтириш мақсадида вилоятимиздан 86 номзод Миллий кадрлар захираси, 278 нафари эса истиқболли кадрлар захирасига ҳамда 118 нафари салоҳиятли кадрлар захирасига сараланди, – дейди Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви самарадорлиги агентлиги Наманган филиали директори Шуҳрат Тўхтабоев. – Номзодларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш мақсадида малака ошириш курслари ва хорижий стажировкаларда иштироки таъминланди. Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган “Янги Ўзбекистоннинг истиқболли кадрлари ТОП-100” танлови якунларига кўра, 1 минг 200 дан зиёд номзодлар орасида 100 нафар ғолиб номзод “ТОП-100” рўйхатидан жой олди. Танлов иштирокчиларининг уч нафари танловда олий ўринни олди, 12 нафари номинациялар бўйича ғолиб, деб топилди.
Қолаверса, иқтидорли ёшларни давлат фуқаролик хизматига жалб қилиш мақсадида “Мен танлаган касб” ёшлар сайли ташкил этилди. Унда 50 дан ортиқ давлат органлари ва ташкилотлари, 30 га яқин хусусий сектор ташкилотлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар ўз кўргазмали бурчакларини ташкил этишди. Тадбирда вилоятдаги 5 мингга яқин ёшлар қамраб олинди.

Натижага асосланган бошқарув амалиётга жорий этиш мақсдадида Норин ва Косонсой туманларида тажриба-синов тариқасида “вазифа – функция – ресурс – жавобгарлик” тамойилига асосланган натижага йўналтирилган бошқарув модели ишлаб чиқилиб, мазкур ҳудудлар раҳбарлари фаолиятини баҳолаш учун 5 та стратегик мақсад ва 12 та мақсадли индикатор асосида баҳолаш ишлари йўлга қўйилди.
Маҳаллий ҳокимликлардаги жами 367 нафар масъул раҳбар ходим учун “KPI” жорий этилиб, унинг мониторинги samaradorlik.uz платформаси орқали ташкил этилди.
Вилоятдаги саккизта шаҳар, туман ҳокимлиги, 20 га яқин вазирлик идораларнинг бошқармаларида бошқарув самарадорлиги ўрганилиб, натижага асосланган бошқарув моделини жорий этиш, давлат хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш ва аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида 100 дан ортиқ амалий таклифлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда. Жумладан, маҳалла профилактика инспеткорлари фаолиятини самарали ташкил этиш, уларни ҳудудда жиноятларни олдини олишга қаратилган проактив ишлаш тизимига ўтказиш, маҳалла еттилиги фаолиятини самарали ташкил этиш борасида чуқур ўрганишлар олиб борилди ва амалий таклифлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.

Ҳудудий бошқарув ва кадрлар салоҳияти агентлик фаолиятида алоҳида устувор аҳамиятдаги масалалардан биридир. Шу маънода, Президентимизнинг тегишли фармонлари асосида “Янги Ўзбекистон” мақоми берилган ҳудудларда маҳаллий ижро ҳокимияти тузилмалари ва ваколатларини такомиллаштириш бўйича ишлар амалга оширилди.
Наманган вилоятида 2026–2028 йилларда амалга ошириладиган йирик инвестиция лойиҳалар доирасида малакали кадрларга бўлган эҳтиёж таҳлил қилинди. Хусусан, 2026 йилда 17 та, 2027 йилда 16 та ва 2028 йилда 21 та йирик инвестицион лойиҳа ишга тушириш режалаштирилган. Буларни амалга ошириш учун 2026 йилда 7 минг 100 нафар, 2027 йилда 6 минг 300 нафар ва 2028 йилда 5 минг 100 нафар малакали кадрга эҳтиёж мавжуд.

Ислоҳотлар штаби доирасида мамлакатимиз раҳбарининг шу йил 11 июндаги “2026 йилда Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 13 шаҳар ва туманни ривожлантириш доирасида жами етти соҳа йўналишида 88 та долзарб масала кўтарилган. Шуларни ҳал этиш учун республика бюджетининг жорий йилдаги қўшимча маблағлари ҳисобидан жами 180 миллиард сўм маблағ ажратиш белиланган. Шунингдек, халқаро молия институтлари механизмлари асосида вилоят учун 100 миллион АҚШ миқдорида молиявий ресурслар жалб қилиш лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.
Қолаверса, штаб томонидан 13 йўналишда чуқур ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилиб, муаммоларни бартараф этиш юзасидан 125 та амалий таклиф ишлаб чиқилган. Бундан ташқари, штаб ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорликда вилоятдаги шаҳар ва туманларнинг 5 йиллик ривожланиш кўрсаткичларидан келиб чиқиб, сунъий интеллект технологиялари асосида иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан ривожланиш ҳолатлари атрофлича таҳлил қилинди. Ҳудудларнинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, янги имкониятларидан фойдаланишнинг келгуси уч йиллик ривожланиш дастурлари ишлаб чиқилди.

Штаб ва ҳокимлик ҳамкорлигида 50 дан ортиқ ишлаб чиқариш ва саноат, 30 дан ортиқ туризм ҳамда 10 дан ортиқ ижтимоий соҳада йирик инвестицион лойиҳалар ишлаб чиқилиб амалиётга тадбиқ этилмоқда.
Жумладан, Норин туманидаги Янги Ўзбекистон қиёфасидаги Янги Наманган маҳалласида “Маҳалла ахборот ва хизмат маркази” ташкил этилди. Давлат хизматчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида эса Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви самарадорлиги агентлиги Наманган филиали ташаббуси билан хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида 5 минг 714 нафар ходимни тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари давом эттирилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, бугун давлат хизматида очиқлик ва меритократияни таъминлаш, салоҳиятли кадрларни аниқлаш ва ривожлантириш, бошқарувда натижадорлик тамойилларини кучайтириш, ҳудудларнинг янги имкониятларини йўлга қўйишда муайян ютуқларга эришилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.