Давлат байроғи – ғуруримиз ва фахримиздир! (+видео)
Навоий давлат университети томонидан Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамда вилоят ИИБ ҳамкорлигида давлатимиз байроғи қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.
1991 йил 18 ноябрь. Шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII сессиясида “Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинган эди.
Байроғимиз, ғурур ва фахримиз тимсолидир. Ҳар тонг мадҳиямиз янграб, байроғимиз баланд кўтарилганида қалбларимизда ширин бир энтикиш туйғусини туямиз. Озод ва обод Ватанимиз – Ўзбекистонимизнинг байроғи бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъаладир.
Тадбирда Давлатимиз рамзлари элимизнинг ҳурлиги, миллий ғурур ва менталитетимиз, шонли тарихимиз ҳамда эзгу орзу-интилишларимизни ўзида акс эттириши билан бирга халқаро миқёсда мамлакатимиз обрў-эътиборини юксалтириш, юртдошларимиз қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғусини мустаҳкамлашда муҳим восита бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
[gallery-20406]
– Давлатимиз байроғи халқимизнинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштирган ҳолда ундаги ҳар бир ранг ва белги ўз мазмунига кўра халқимизнинг асрий анъаналари ҳамда миллий қадриятларимизни ўзида ифода этади, – дейди Навоий давлат университети ректори Муҳиддин Калонов. – Ўзбекистон ҳудудидаги давлатчилигимиз тарихининг қайси даврига назар солмайлик, байроғимиз аждодларимиз учун озодлик йўлида куч-қудрат, жасорат ва ғалаба тимсоли бўлганлигини кузатишимиз мумкин. Шу маънода мустақил Ватанимиз байроғи бизни юксак марралар сари илҳомлантириш билан бирга қадим давлатчилигимизнинг миллий ва маънавий анъаналари, халқимизнинг бағрикенглиги, тинчликсеварлигини ўзида мужассам этган улуғ давлат рамзи ҳисобланади.
Байроғимиз 1992 йилнинг 2 мартидан Ўзбекистон тўлақонли суверен республика сифатида тан олинганининг рамзи сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош қароргоҳи олдида ҳам ҳилпирай бошлади.
Спортчиларимиз эса қатор халқаро мусобақаларда шоҳсупанинг энг юқори жойидан ўрин эгаллаб, байроғимизни баланд кўтарган ҳолда юртимизни жаҳонга танитишмоқда. Зотан, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонунда таъкидланганидек, давлатимиз байроғи суверенитетимиз рамзидир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/8KxCHtOdx6A" title="Davlat bayrogʻi – gʻururimiz va faxrimizdir!" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Абдували Бўриев, Сирож Арслонов (сурат) ЎзА мухбири