Дарғом бўйига дарахт кўчатлари ўтқазилди
Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида “Яшик макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги кўчат экиш ишлари бошланди.
Дастлаб туман ҳудудидаги канал ва йирик сув ҳавзалари ёқасида, бўш турган ерларда ҳудуд тупроқ ва иқлим шароитига мос дарахт кўчатлари экилмоқда.
Жумладан, Дарғом канали ёқасидаги бўш турган ер майдонида кўчат экиш билан ҳудудда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумига киришилди.

Туман сектор раҳбарлари, корхона ва ташкилотлар ходимлари ва туман жамоатчилиги вакиллари канал бўйича 1000 тупга яқин қайрағоч, каталпа, сафура сингари дарахт кўчатлари ўтқазиб, эзгу ишга ҳисса қўшдилар.
Шундан сўнг Қўшқудуқ маҳалласида фаоллар ва кенг халқ оммаси томонидан ҳашар уюштирилиб, 800 тупдан ортиқ дарахт ниҳоллари экилди.

Давлатимиз раҳбари раислигида 21 октябрь куни ўтказилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида кўчат экиш ишларини ҳам уюшқоқлик билан ташкил этишда маҳаллалар имкониятларидан самарали фойдаланиш таъкидланди. Жумладан, “маҳалла еттилиги” вакиллари ўзига бириктирилган кўчаларда 100 тупдан манзарали дарахт ўстириши белгиланди.

Шунингдек, халқаро автомобиль ва темир йўл бўйларида, дала четларида кўчат экиш, чиқинди полигонлари атрофида “яшил белбоғ” барпо этиш зарурлиги қайд этилди.
Пастдарғом туманида кузги мавсумда 600 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири