Дарахтлар парвариши мўл ҳосил гаровидир
Олтинкўл туманида “Дарахтларга агротехник ишлов бериш – мўл ҳосил гарови” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.
Андижон вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси, Олтинкўл тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида “Жавоҳир жаннат боғи” боғдорчилик фермер хўжалигида соҳа мутахассислари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, боғдорчилик билан шуғулланувчи деҳқонлар иштирокида ўтказилган семинарда дарахтларга баҳорги агротехник ишлов бериш, зараркунанда ҳашаротларни зарарсизлантириш борасидаги ишларни самарали ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Семинарда сўз олган вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Абдукарим Жалилов боғлардан мўл, сифатли ва тоза ҳосил етиштириш, вилоятнинг мева экспорти салоҳиятини ошириш, бунинг учун ҳар бир жараёнга, хусусан, баҳор мавсумида дарахтларга агротехник ишлов бериш, зараркунандаларга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш муҳимлигини таъкидлади.
Амалий семинарда мутахассислар томонидан тоза маҳсулот етиштиришда боғ-токзорларда учрайдиган зараркунандаларга қарши кураш олиб боришда энг аввало, “бордо” суюқлиги орқали дарахтларга ишлов бериш юқори самара бериши алоҳида қайд этилди.

– Мавжуд боғимизда олма, шафтоли, нок, боғ қатор ораларида эса полиз маҳсулотлари етиштирамиз, – дейди Олтинкўл туманидаги “Мадиёрбек ерлари” фермер хўжалиги раҳбари Шерали Асронов. – Семинарда баҳорги агротехник тадбирларни ўтказиш юзасидан кенг маълумотлар олдик, илғор тажрибаларни ўргандик. Олган билимларимиз бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш, жорий йилда боғдан мўл ва сифатли ҳосил олишимизга ёрдам беради.

Семинарда иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга агроном, ўсимликлар карантини ва ҳимояси инспекторлари томонидан батафсил жавоблар берилди.
Бу каби семинарлар вилоятнинг барча туманларида ўтказилмоқда.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА.