Дания разведкаси: Россия қўпорувчилик ҳаракатларига фаол тайёргарлик кўрмоқда (+видео)
Дания Хавфсизлик ва разведка хизмати Россия Данияга қарши, айниқса мамлакатнинг мудофаа саноатига қаратилган қўпорувчилик ҳаракатларига фаол тайёргарлик кўрмоқда деб маълум қилди. Бу хабарни Франция матбуот агентлигига таяниб Euronews тарқатди.
Дания Хавфсизлик ва разведка хизмати маълумотларига кўра, Россия махсус хизматлари ижтимоий тармоқлар орқали оддий данияликларни ёллаб, улардан қўпорувчилик ҳаракатларида фойдаланишга уринмоқда.
Бу огоҳлантириш Германияда портловчи модда ўрнатилган дрон билан боғлиқ ҳодисадан кейин янгради. Европа Иттифоқи давлатлари Россия элчиларини чақириб, янги санкциялар масаласини муҳокама қилди. ЕИ ташқи сиёсат раҳбари Кая Каллас мазкур ҳодисада давлат томонидан қўллаб-қувватланган терроризм аломатлари борлигини айтди.
Чоршанба куни Европа Иттифоқи давлатлари вазирлари дрон билан боғлиқ бўлган масалага қандай жавоб беришни муҳокама қилди.
Европа Иттифоқи Украинадаги уруш сабабли Россияга қарши қарийб 20 та санкциялар пакетини тасдиқлаган. Уларнинг таъсири 3000 дан ортиқ амалдорлар, олигархлар ва ташкилотларга, жумладан банклар, энергетика компаниялари ҳамда дрон ишлаб чиқарувчиларга тегишли.
Сўнгги ойларда Россия Европа давлатларида Украина тарафдорларига қарши диверсия ҳужумларини кучайтирганликда айбланмоқда.
Дания хавфсизлик идоралари 2024 йилдаёқ Украинага катта ёрдам бераётган Данияга нисбатан Россия таҳдиди кучайганини маълум қилган эди. Дания Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Россия-Украина уруши бошланганидан бери Копенгаген Украинага камида 10 миллиард евро ҳарбий ёрдам ва тахминан 1 миллиард евро фуқаролик ёрдами кўрсатган. Шунингдек, шу йил июнь ойида Дания Украинага 30-ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. Унинг қиймати деярли 600 миллион еврони ташкил этади. Пакетга ўқ-дорилар, қурол-яроғ, ҳарбий техника ва украиналик ҳарбийларни тайёрлаш киритилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/-_n5YeSqg1g" title="Daniya razvedkasi: Rossiya qo‘poruvchilik harakatlariga faol tayyorgarlik ko‘rmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Искандар Исматов, ЎзА