Дам олиш маскани яна биттага кўпайди
Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани Жаннатбулоқ маҳалласида янги дам олиш маскани фойдаланишга топширилди.
Россиялик инвестор Ефим Шойхет ва тадбиркор Нусратжон Исроилов ҳамкорлигида “Биби сешанба” зиёратгоҳи ёнида барпо этилган "Жаннатбулоқ" дам олиш масканида бир вақтнинг ўзида 500 нафар киши дам олиб, кўнгилли ҳордиқ чиқариши мумкин.
– Кейинги йилларда мамлакатимизда туризм, айниқса, зиёрат туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди тадбиркор Н.Исроилов. – Ташландиқ ҳолда турган ҳудудда россиялик ҳамкорларимиз билан мана шундай гўзал маскан барпо этдик.
[gallery-8176]
Ишонаманки, ушбу маскан зиёратчилар дам олиб, кўнгилли ҳордиқ чиқарадиган энг гавжум масканлардан бирига айланади.
Замонавий, ўзига хос ландшафт асосида қурилган, баҳаво, гўзал табиатли ушбу масканда дам олувчи ва зиёратчилар учун зарур барча шароитлар яратилган.
Умумий майдони қарийб икки гектарни ташкил этадиган мазкур маскан босқичма-босқич кенгайиб боради. Келгусида бу ерда бассейн, спорт майдончалари, шунингдек, қатор хизмат кўрсатиш объектлари қурилиши режалаштирилган.
Энг асосийси, дам олиш масканининг ишга тушиши билан 30 киши доимий иш ўрнига эга бўлди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА