Дам олиш маскани қурилишида ишлар қизғин
Қарор ва ижро
Президентимизнинг 2024 йил 12 августдаги “Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш ва туризмни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Бухоро туманидаги “Наврўз” маҳалласида бир километр масофада дам олиш масканини барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Замонавий андозада қуриладиган мазкур маскан, қирқдан ортиқ тадбиркорлик субъектининг савдо ва хизмат кўрсатиш манзилига айланиши, меҳмонлар ва хорижий сайёҳларга савдо ва маиший хизмат кўрсатилиши баробарида, ҳудуд микроиқлимини шакллантиришда ҳам ўз ўрнига эга бўлади. Албатта, соҳил-бўйида тунги ёритиш чироқлари, тўлиғича ҳимоя тўсиғи ва пиёдалар йўлаклари ҳам барпо қилинади.

Лойиҳа доирасида кўчада ёритиш устунлари, ўриндиқлар, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазиш, аудио мусиқа тизимини ташкил этиш, арка ва устунлар ўрнатиш, шунингдек, ҳудудда фото-зоналар учун декоратив элементлар ташкил этиш, пиёдалар йўлаклари, велойўлаклар, йўл чеккасида ҳаракатланишга халал бермайдиган автотураргоҳ ва замонавий ўриндиқлар ўрнатиш, болалар ўйингоҳи яратиш каби ишлар амалга оширилади. Шу кунларда эса ҳудудда пудратчи корхона ва тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилиш-бунёдкорлик ишлари давом этмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.