Даҳана ҳам камбағалликдан холи гўшага айланади
Президентимиз ғояси билан жорий этилган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури аҳоли турмуш даражасини ошириб, камбағалликни кескин қисқартиришда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Бу жараёнда оғир аҳволдаги маҳаллалар инфратузилмаси тубдан яхшиланмоқда. Маҳаллаларнинг фаол нуронийлари камбағал оилаларга бириктирилиб, уларнинг ижтимоий-маънавий муҳитини яхшилаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда иштирок этмоқда. Ўз бизнесини юритиш учун камбағал оилаларга фоизсиз ва гаровсиз қарз ажратилмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун узоқ муддатли ижарага ер майдонлари берилётир. Камбағал оилаларнинг фарзандлари давлат боғчаларига имтиёзли қабул қилиниб, талабалар ётоқхонаси харажатлари қопланиши ва бошқа ижтимоий кўмак пакетлари тақдим этилмоқда. Эҳтиёжманд оилаларга манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатилиб, камбағал оилаларнинг фарзандлари касб-ҳунарга ўқитиляпти.

Дастур доирасида Сурхондарё вилоятида ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилиб, камбағаллик даражаси пасайтирилмоқда. Хусусан, ўтган йил дастур доирасида 60 минг оиланинг 274 мингдан ортиқ аъзоси камбағалликдан чиқарилиб, воҳанинг камбағаллик даражаси 9,3 фоиздан 4,5 фоизга туширилди. Бу йил Ангор, Денов, Жарқўрғон, Қизириқ, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳрини “ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудуд”га айлантириш режалаштирилган.
Денов туманидан ишсизлик ва камбағалликни чекинтириш учун яратилган имтиёзлар ва ҳудуднинг бой салоҳиятидан унумли фойдаланишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган камбағал оилалар ҳар тарафлама қўллаб-қувватланётир. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб, даромад топишга интилиши бор оилалар учун ҳам зарур қулайлик яратилмоқда.
Тумандаги Даҳана маҳалласида 1 минг 110 та оила мавжуд. Уларнинг 137 таси ижтимоий реестрга киритилган. Бу оилаларда 659 нафар киши яшайди. Уларнинг 46 таси давлат таъминотида бўлиб, 59 таси камбағал ва 32 таси камбағаллик чегарасидаги оилалардир.
Таҳлилларга кўра, йилнинг ўтган даврида маҳалладаги камбағал оилалар 77 тадан 50 тага камайган. Лекин, камбағаллик чегарасидаги оилалар 26 тадан 32 тага ошган. Бу ҳолат шу йўналишдаги профилактик ва манзилли ишларни янада кучайтириб, уларни қўллаб-қувватлаш самарадорлигини оширишни тақозо этмоқда.

Туман ҳокими Анвар Нормаматов ҳудудларни камбағалликдан чиқаришда оқсаётган “маҳаллалар еттилиги” билан учрашиб, бу ҳолнинг сабабларини ўрганмоқда. Мавжуд ҳолат билан яқиндан танишиб, тегишли чора-тадбирларни белгилаб бермоқда.
Бу сафар Даҳана маҳалласида бўлган ҳоким “маҳалла еттилиги” аъзолари билан ҳудудда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилаларнинг даромад манбаини ошириб, йил якунигача камбағалликдан холи гўшага айлантириш масалаларини муҳокама этди. Ижтимоий реестрга киритилган оилалар билан олиб борилаётган манзилли ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижроси юзасидан “маҳалла еттилиги” аъзоларининг ҳисоботларини эшитди. Камбағаллик чегарасига келиб қолган оилаларнинг сабаблари ўрганилди.
Туман ҳокими ҳар бир оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини чуқур ўрганиш, меҳнатга лаёқатли кишиларни доимий иш билан таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, томорқа ерларидан самарали фойдаланиш орқали қўшимча даромад манбаларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун имтиёзли кредит ва субсидиялардан мақсадли фойдаланиш, эҳтиёжманд оилаларга манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиб, камбағаллик чегарасидаги оилаларнинг даромадлари пасайиб кетишининг олдини олиш, ҳар бир оила билан алоҳида ишлаш, маҳаллани йил якунигача камбағалликдан ҳоли ҳудудга айлантириш учун барча имкониятлардан фойдаланиш юзасидан муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Шу куни Анвар Нормаматов маҳалла аҳолиси билан ҳам мулоқот қилиб, уларнинг мурожаат, муаммо ва таклифларини тинглади. Унда аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш, ижтимоий ҳимоя ва турмуш шароитларини яхшилаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Аҳоли дуч келаётган муаммоларни биргаликда ечиш йўллари изланди. Маҳаллани ишсизлик ва камбағалликдан чиқариб, янада файзли, обод ва фаровон ҳудудга айлантириш юзасидан фикр алмашилди.

Йилнинг ўтган даврида воҳада “Камбағал оилалар реестри”га киритилган 45 минг 962 та оиланинг 212 минг 700 аъзосига 64 мингдан ортиқ барқарор бандлик хизмати кўрсатилиб, камбағаллик даражаси сезиларли пасайтирилди. Йил якунигача вилоятнинг камбағаллик даражасини 2,8 фоизга, ишсизлик даражасини 4 фоизга тушириш кўзда тутилган.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири