Дўст бошга ташвиш тушганда синалади
Сирдарё вилояти Сардоба туманида сув тошқини оқибатида юзага келган талафотларни бартараф этиш мақсадида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан кўмак карвонлари келиши давом этмоқда.
Сирдарё вилояти Сардоба туманида сув тошқини оқибатида юзага келган талафотларни бартараф этиш мақсадида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан кўмак карвонлари келиши давом этмоқда.
Бу гали инсонпарварлик ёрдами қардош қорақалпоқ халқи томонидан кўрсатилиб, карвонни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда оқ фотиҳа бериб кузатиб қўйганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ташаббуси билан Сирдарё вилоятида табиий офатдан зарар кўрган жойларда қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, сув тошқинидан зарар кўрган аҳолини озиқ-овқат, кийим-кечак, маиший техника ва бошқа эҳтиёж моллари билан таъминлаш мақсадида жўнатилиб, сирдарёликлар учун ажратилган ушбу беғараз ёрдам пуллари 5 миллиард сўмликни ташкил этади. Бундан ташқари, кўмак карвонида 550 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, 30 бош қорамол, 35 тоннага яқин гуруч ва бошқа кундалик рўзғор маҳсулотлари Жўқорғи Кенгес, ўлканинг саховатпеша тадбиркорлари ва бағри кенг қорақалпоқ халқи томонидан жамғарилиб, юк машиналарига ортилган инсонпарварлик ёрдамлар карвони 1000 километрдан ортиқроқ йўл босиб, Гулистон шаҳрига кириб келди.

Президентимиз 2 кун давомида сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудларни шахсан ўзлари махсус комиссия ҳамроҳлигида атрофлича ўрганиб чиқди. Эвокуациядан қайтган фуқаролар билан учрашди, талофат кўрган маҳалла ва қишлоқ хўжалиги экин майдонларини кўздан кечирди, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, вилоят фаоллари билан суҳбатлашди.
Гулистон шаҳридаги “Ёшлар марказида” барча мутасадди вазирликлар ва уларнинг қуйи тизимлари раҳбарлари, вилоят мутасаддилари билан ўтказган йиғилишида сув тошқини натижасида келтирилган талофат зарарларини бартараф этиш юзасидан айни пайтдаги ҳолат тўлиқ назоратга олинганини таъкидлаб, офат оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, турар жойлар ва инфратузилма объектларини таъмирлаш, аҳолига ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича мутасадди республика вазирликлари ва уларнинг қуйи тизими вакилларига аниқ топшириқ ва вазифаларни юклади. Қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт тармоқлари, жамоат хавфсизлиги юзасидан белгиланган тезкор чора-тадбирларни изчиллик билан амалга оширишга киришиш шарт эканини алоҳида қайд этди.
Айни кунларда бутун Ислом оламида давом этаётган муқаддас Рамазон ойида ҳар бир юртдошимиз бир-бирига ҳар галдагидан-да меҳр-мурувватли, саховатли бўлиши кераклигини янада чуқурроқ ҳис қилиб, эл бошига иш тушган бугунги синовли кунларда янада бирлашиб, янада жипслашиб ҳаракат қилаётганини ҳар қанча тарифласак кам. Сирдарё вилояти фуқароларининг бошига тушган буганги қийин кунларда, улар билан елкама-елка туриб, уларнинг ташвишини ўз ташвиши деб билиб, ҳар томонлама кўмак бераётган бутун Ўзбекистон фуқароларига вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев ўзининг қуйидаги дил изҳорларини баён этди.
– Сабр-тоқатли, матонатли халқимиз бошидан оғир кунларини, улкан синовларни кўп бора ўтказган ва у синовларни мардонавор енгиб ўтган, – деди Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев. – Ота-боболаримиз азалдан бундай оғир кунларда жипслашиб, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилган, курашган. Биз эса ана шундай улуғларнинг ворисларимиз. Бугунги синовли кунларни енгиб ўтишимизда, муҳтарам Президентимизнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлашлари, халқимиз ўртасидаги меҳр-оқибат, бирлик, ҳамжиҳатлик тўла замин бўлади, деб ўйлайман.
Ҳозирги қийин шароитда Давлатимиз раҳбарининг биз сирдарёликларга қаратган юксак эътибори ва оталарча ғамхўрлиги, жонажон халқимизнинг олижаноб инсонийлик фазилатларини оддий сўзлар билан тарифлаш мушкул. Доно халқимизнинг, дўстингнинг кимлиги, бошингга иш тушганда синалади, деган ажойиб нақли бор. Бугун сирдарёликларнинг бошига тушган ташвишни, мамлакатимизнинг барча вилоятлари, Тошкент шаҳри ва қадирдон қорақалпоқ халқи ўз дарди, ўз ташвиши деб билиб, бизга кўрсатаётган ғамхўрлик ва ёрдамларидан бениҳоя миннатдормиз.
Барчангизга кўрсатаётган беғараз, дўстона ёрдамларингиз учун барча Сирдарё вилояти аҳли номидан чин дилдан самимий миннатдорчилик билдириб, бошимиз ерга теккунча сиз азизларга таъзимдамиз.
Дарҳақиқат, бугунги қийин вазиятда кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдами халқимизнинг янада ҳамжиҳат бўлишга, янада жипаслашишга, бир-бирларига янада меҳр-оқибатли бўлишга ундайди. Доно халқимизда, бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар, деган мақол бор. Демак бугун бирлашиш, бир мушт бўлиб ҳаракат қилиш вақти келди. Бирлашсак, ҳар қандай муаммони, ҳар қандай кўринмас душманни енгишга қодирмиз.
Биз бирлашдик, демак биргаликда коронавирус падемиясини ҳам, ҳар қандай довулу сув тошқинлари ва бошқа табиий ва сунъий офатлар келтирган талафоту зарарларни ҳам бигаликда енгамиз.