Cтресс иммун тизимининг қаришини тезлаштиради
Жанубий Каролина университети олимлари томонидан стресс иммун тизими қаришини тезлаштирган ҳолда саратон, юрак қон-томир касалликлари ривожланиши ҳамда вирусли инфекциянинг оғир ўтиши хавфини потенциал равишда ошириши аниқланди.
Тадқиқот натижалари Proceedings of the National Academy of Sciences журналида чоп этилди.
Ёш ўтган сари иммун тизими табиий равишда ўз фаоллигини кескин камайтиришни бошлайди. Мазкур жараёнга иммуносенесценция номи берилди. Бу ҳолат инсоннинг иммун соҳаси кучсизланиши ҳамда ортиқча миқдордаги қари лейкоцитлар, инфекциялар, хусусан, нуқсонли ҳужайраларга қаршилик кўрсатишга тайёр бўлган янги “содда” лейкоцитларнинг етишмаслиги билан ифодаланади. Иммун қариш нафақат саратон, балки юрак қон-томир касалликлари, вакциналар самарадорлигининг пасайиши ҳамда органларнинг нотўғри ишлашига ҳам боғлиқ.
Тадқиқотчилар томонидан турли ҳаётий вазиятлардаги стресс даражасини баҳолаш учун сўровнома тўлдирган 50 ёшдан юқори бўлган 5744 нафар киши тўғрисидаги маълумотлар таҳлил қилинди. Кўнгиллиларнинг қон намуналари оқим цитометрияси - лазер воситасида қон ҳужайраларини санаш ва таснифлаш методи ёрдамида ўрганилди.
Хулосалар эски лейкоцитлари юқори фоизда бўлган стресс кўрсаткичи юқори кишилар юқори фоизда қари иммун соҳасига эга эканлигини кўрсатди. Стрессли ҳаётий вазиятлар ва фаол Т-ҳужайраларнинг кам миқдори орасидаги боғлиқлик маълумот даражаси, чекиш, спиртли ичимлик исътемол қилиш, тана оғирлиги, ирқи ҳамда этник мансублик индекси даражасини ҳисоблаб чиққандан сўнг ҳам салмоқли даражада сақланиб қолди.
Олимлар овқатланиш тартибини яхшилаш ва жисмоний машқларни бажариш стресс билан боғлиқ иммун тизими қаришини секинлаштиришга ёрдам бериши мумкинлигини қайд этди.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА