“Crafers” қўшма корхонаси билан танишув
Қирғиз Республикаси Бош вазири Улуқбек Марипов мамлакатимизга ташрифи доирасида Тошкент шаҳридаги “Crafers” қўшма корхонасида бўлди.
Таъкидлаш жоиз, мазкур қандолатчилик корхонаси ишга туширилганига кўп бўлмаганига қарамай, нафақат ички бозор, балки хорижда ҳам ўз харидорини топиб улгурди. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган фабрикада бугунги кунда 150 турдан зиёд қандолат маҳсулотлари тайёрланади. Ишлаб чиқариш жараёнида сифатли хомашёдан фойдаланилади.
[gallery-1742]
“Crafers”нинг 12 та линиясида ойига 2 минг 400 тоннага яқин маҳсулот тайёрланади. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати қарийб 50 минг тонна.
Корхона ширинликлари қўшни мамлакатлар, Афғонистон, шунингдек, Россия, Корея Республикаси, Арманистон, Болтиқбўйи давлатларига экспорт қилинмоқда.
Мажмуада 800 дан зиёд иш ўрни яратилган.
ЎзА