Cпортчиларга байрам туҳфаси топширилмоқда
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан мамлакатимизда спортни ривожлантириш, ёшларни оммавий спорт машғулотларига кенг жалб этиш ҳамда улар учун яратилаётган шарт-шароитларни янада яхшилашга қаратилган хайрли ва амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Белгиланган режага мувофиқ, Спорт вазирлиги томонидан ҳудудлар сари йўлга чиққан “Спорт карвонлари” ўз манзилларига етказилмоқда.
Бугунгача спорт жиҳозлари, инвентарлар, ёш спортчилар учун мўлжалланган спорт кийимларини жамлаган “Спорт карвони” тадбирлари Андижон, Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикасида кўтаринки руҳда, байрамона ташкил этилди.

Хусусан, Бухоро вилоятидаги спорт таълим муассасаларида таҳсил олаётган ва спорт турлари билан мунтазам шуғулланаётган ёш спортчилар учун 8 минг донага яқин спорт кийимлари ҳамда 9 турдаги 1283 дона спорт инвентарлари оловқалб спортчи ёшларга тақдим этилди.
Бухоро шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида ўтказилган байрам тадбирида иштирок этган мутасаддилар, масъуллар, спорт таълим муассасалари вакиллари, мураббийлар, ота-оналар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ёш спортчилар мамлакатимизда спортни ривожлантириш, ёш авлодни жисмонан соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда улар учун зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида кейинги йилларда ёшларимиз орасидан етишиб чиқаётган янги чемпионлар авлоди жаҳон спорт майдонларида янада ёрқинроқ ғалабаларга эришаётганини эътироф этди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Андижон ва Фарғона вилоятларида Спорт вазирлиги томонидан тақдим этилган замонавий спорт жиҳозлари, инвентарлар ҳамда спорт кийимлари ҳудудлардаги спорт мактабларига белгиланган тартибда топширилиши жойларда, маҳалла ва таълим муассасаларида ҳақиқий байрам кўринишини олди.

Спорт вазирлиги томонидан самарқандлик ёшлар учун тақдим этилган тўққиз турдаги 1 500 дан ортиқ замонавий спорт жиҳозлари, анжомлари ва 10 мингдан ортиқ спорт кийимлари вилоятдаги спорт мактаблари ҳамда ихтисослаштирилган спорт-таълим муассасаларига топширилди.

Янги жиҳозлар спортчиларнинг машғулотларини янада сифатли ва самарали ташкил этиш билан бирга, жойларда спорт турларини ривожлантириш ва юқори натижаларга эришиш учун қўшимча имконият яратади.
Зеро, бугун давлатимиз томонидан яратилаётган қулай шароит ва имкониятлар эртага халқаро спорт майдонларида юртимиз байроғини баланд кўтарадиган чемпионлар сафини кенгайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Т.Рўзиев, ЎзА