Волейбол: бугун Ўзбекистон кубогида ярим финал ўйинлари ўтказилади
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” ўйин спорт турлари мажмуасида волейбол бўйича U18 ёш тоифаси жамоалари ўртасидаги Ўзбекистон кубоги мусобақалари ўзининг муҳим ҳал қилувчи босқичига яқинлашмоқда.
Бугун, 17 август куни эркаклар ва хотин-қизлар жамоалари ўртасида ярим финал ўйинлари бўлиб ўтади.
Мамлакат кубогининг кеча ўтказилган чорак финал ўйинларида ўғил болалар жамоалари баҳсида Андижон – Хоразм 3:0, Фарғона – Сирдарё 3:0, Навоий – Самарқанд 3:1, Қашқадарё – Тошкент шаҳри 3:2 натижалари қайд этилиши ортидан Андижон, Фарғона, Навоий ва Қашқадарё жамоалари ярим финалга йўл олди.
Шу тариқа, бугун ўтадиган ярим финал учрашувларида ўғил болалар жамоаларидан Фарғона вилояти вакиллари Навоий вилояти жамоаси билан, Қашқадарё волейболчилари Андижон жамоаси билан финал йўлланмаси учун кураш олиб боради.
Қизлар жамоалари ўртасидаги Ўзбекистон кубогининг 1/4 финал босқичидаги баҳсларда Бухоро – Наманган 0:3, Фарғона – Жиззах 3:0, Сурхондарё – Тошкент вилояти 0:3 Қорақалпоғистон Тошкент шаҳри 3:0 ҳисобларида якун топиши туфайли Наманган, Фарғона, Тошкент вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси жамоалари 1/2 финал чиптасига эга чиқди.
Бугун кун давомида қизлар жамоалари ўртасидаги ярим финал ўйинларида Фарғона жамоаси Тошкент вилояти волейболчи қизлари билан, Наманган жамоаси Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари билан финал йўлидаги курашларда рўбарў келади.
Т. Рўзиев, ЎзА