COVID-19 ШҲТ кун тартибида: Ўзбекистон ташаббуслари
Президент Шавкат Мирзиёев ШҲТ ни коронавирус инфекциясига қарши курашда кучларни бирлаштиришга чақирди
Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида шу йилнинг 16-17 сентябрь кунлари ШҲТга аъзо давлатларнинг юбилей саммити бўлиб ўтди. Учрашув доирасида хавфсизлик, ахборот-коммуникацион технологиялар, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қишлоқ хўжалиги, фавқулодда вазиятлар, транспорт, маданият ва спорт соҳаларида ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Унда устувор мавзулар қаторида коронавирус инфекцияси оқибатларини бартараф этиш бўйича қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Форум доирасида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан юқумли касалликларни олдини олиш ва уни даволаш, касалликдан кейинги реабилитация жараёни ва эмлаш сертификатларини ўзаро тан олиниши, ШҲТ ҳудудидаги етакчи тиббиёт марказлар ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича "Йўл харитаси" ни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш каби муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Ушбу ташаббуснинг асосий мақсади ШҲТга аъзо давлатларнинг хавф-хатарлар даврида эпидимиологик вазиятнинг олдини олиш, касалликни эрта аниқлаш ва уларга биргаликда жавоб қайтариш бўйича самарадорликни янада оширишга қаратилган.
Мазкур таклиф ШҲТ маконида эпидемиологик вазиятни яхшилаш юзасидан превентив чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, юқумли касалликларнинг олдини олиш ва даволашда ўзаро ахборот, билим ва тажриба алмашишга қаратилган.
Ушбу ташаббус мамлакатларга пандемиягача бўлган даврдаги шароитга қайтиш, кенг кўламли савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро алоқаларни тиклаш учун чекловларни олиб ташлаш имконини беради.
Бундан ташқари, ушбу ташаббусни амалга ошириш ШҲТ мамлакатлари фуқароларига чегараларни кесиб ўтиш ва эркин ҳаракатланиши учун ягона шарт-шароитларни шакллантиришда кенг имкониятлар яратади.
Шунингдек, ягона давлатлараро даражада тақдим этилган тест натижалари ва сертификатлар мониторинги тизимини яратади.
Пандемиянинг илк кунларидаёқ, ШҲТга аъзо давлатлар ушбу таҳдидга қарши курашишга қизиқиш билдириб, кенг кўламли соҳаларда ўзаро кўмаклашиш бўйича якдилликни номоён этди.
Санитария-эпидемиологик вазиятни яхшилаш мақсадида, эпидемиологик осойишталикни таъминлашга масъул Соғлиқни сақлаш вазирлари йиғилиши ва ШҲТга аъзо давлатлар хизматлари раҳбарлари йиғилиши каби меъёрий -ҳуқуқий база ва ҳамкорлик механизмлари яратилди. Пандемияга қарши аниқ таклифларни қабул қилиш ва ишлаб чиқиш мақсадида идоралараро даражада мунтазам онлайн учрашувлар ўтказилди.
Шунингдек, мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатларга, бутун жаҳонда шу жумладан ШҲТга аъзо мамлакатларда касалланганлар сонининг қисқариши тенденциясига қарамай, ташкилотга аъзо айрим давлатларда коронавирус билан боғлиқ мураккаб вазият сақланиб қолмоқда. Масалан, сўнгги бир суткада Ҳиндистонда-27,176 та, Россияда - 17,529 та, Қозоғистонда - 3, 323 та, Покистонда - 2, 272 та, Ўзбекистонда – 531 та, Қирғизистонда – 82 та, Хитойда – 75 та, Тожикистонда – 42 та коронавирус инфекцияси билан зарарланиш ҳолатлари қайд этилган.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган таклифлар келгусида ШҲТ мамлакатларида авж олиши мумкин бўлган инфекцияга қарши кураш бўйича чора-тадбирлар режасини тайёрлаш ва оқибатларини юмшатишга кўмаклашади. Айниқса, ШҲТ мамлакатларини бирлаштиришга ва пандемияга қарши курашда ташкилот салоҳиятидан фойдаланишга ёрдам беради. Ўз навбатида, бу кўпёқлама ҳамкорликни ва кўпмиллатли тузилманинг мавқеини мустаҳкамлашга ижобий таъсир кўрсатади.
Елена Цай, Марказий Осиё халқаро институти бош илмий ходими
ЎзА