Cобиқ давлат раҳбарлари нималар билан банд?
Ҳукумат бошқарувини тарк этган турли давлат собиқ президентларининг баъзилари сиёсатдаги фаолиятини давом эттираётган бўлса, баъзилари севимли машғулоти ва хайрия ишлари билан банд. Шунингдек, ўз даврида лавозимини суиистеъмол қилганлиги учун қонун олдида жавоб бераётган собиқ давлат раҳбарлари ҳам йўқ эмас.
Қуйида баъзи давлатларнинг собиқ президентлари нималар билан машғул эканлиги ҳақида сўз юритамиз.
АРМАНИСТОН
Мустақил Арманистоннинг биринчи президенти Левон Тер-Петросян 1998 йил раҳбарлик фаолияти якунланганидан сўнг 10 йил давомида илмий фаолият билан шуғулланди. У Арманистон тарихини ёритган «Арманлар ва салибчилар» номли асар муаллифи ҳисобланади. Ҳозирда Левон Тер-Петросян мамлакат сиёсий бошқарувида фаол иштирок этади.
ҚИРҒИЗИСТОН
Мустақил Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Акаев 2005 йилда мамлакатдаги «Лола инқилоби» даврида зудлик билан ўз истеъфосини эълон қилган ва Россияга кетган эди. Ҳозирги вақтда Қирғизистоннинг биринчи президенти Москва давлат университетида ўқитувчилик фаолиятини юритиш билан бирга Олий иқтисодиёт мактаби тадқиқот университети таркибидаги илмий-ўқув лабораторияга раҳбарлик қилади.
2011-2017 йилларда Қирғизистон ҳукуматини бошқарган Алмазбек Атамбаев президентлик фаолиятидан сўнг коррупция жинояти билан айбланган. 2020 йилнинг ноябрь ойида собиқ президентга нисбатан суд иши бошланган. Суд ҳукмига кўра, Алмазбек Атамбаев 11 йилу икки ойга озодликдан маҳрум қилинган.
ФРАНЦИЯ
2007-2012 йилларда Франция президенти бўлган Николай Саркози коррупцияда айбланган собиқ давлат раҳбарларидан бири ҳисобланади. Собиқ президент ўз ваколатини суиистеъмол қилганлик ва қонунбузарликда айбланиб, 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
ЛИТВА
1999-2007 йилларда Литва президенти бўлган Вике Вайра-Фрейберга давлат бошқарувидан кетгандан сўнг, халқаро муносабатлар, дипломатия ва илм-фан соҳасида хизматлар тақдим этувчи “VVF Consulting” компаниясига асос солди.
УКРАИНА
2014-2019 йилларда Украина президенти бўлган Петр Порошенко даврида мамлакат ички ва ташқи сиёсатида ижобий ўзгаришлар кузатилган. 2019 йилдаги сайловларда Пршенко мағлубиятидан сўнг ҳам сиёсатни тарк этмади. Собиқ президент “Европа бирдамлиги” партиясини бошқарди. Ҳозирда собиқ президент мамлакатдаги “Roshen” концерни, “5-телеканал” ҳамда “Укрпроминвест-Агро” агроҳолдинг компанияси эгаси ҳисобланади.
РОССИЯ
Совет иттифоқининг собиқ президенти Михаил Горбачёв жорий йилда 90 ёшга тўлди. 30 йилдан буён мамлакат бошқарувидан четда бўлса ҳам, собиқ президент мунтазам тарзда омма олдида фаол чиқишлар қилади. “Нобел” мукофоти совриндори бўлган собиқ президент ҳозирда ўзи томонидан асос солинган халқаро ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий тадқиқотлар жамғармаси (Горбочёв жамғармаси)га раҳбарлик қилади.
ГРУЗИЯ
2013-2018 йилларда Грузия ҳукуматини бошқарган Георгий Маргвелашвили президентлик ваколати тугагач, сиёсатни тарк этиб, туризм соҳаси билан шуғуллана бошлади. Тоғли ҳудудларда от спорти ишқибозлари учун хизмат кўрсатадиган ташкилотга асос солди.
АҚШ
1993-2001 йилларда Оқ уй раҳбари бўлган Билл Клинтон президентлик лавозимини тарк этганидан сўнг ёзувчилик, маслаҳатчилик ва лекторлик фаолиятини бошлади. “СNN” телеканали хабарида келтирилишича, 2001-2015 йиллар давомида собиқ президентнинг турмуш ўртоғи Ҳиллари Клинтон билан биргаликдаги турли тадбирларда сўзлаган маърузалари Клинтонлар оиласига 153 миллион доллар даромад келтирган. Қайд этилишича, АҚШ собиқ президентининг битта омма олдидаги маърузаси 100 – 300 минг доллар атрофида баҳоланади.
Умуман олганда, АҚШда собиқ президентларнинг омма олдидаги нутқи маълум миқдорда нархланади. Масалан, “Los Angeles Times” нашрининг 2017 йилдаги маълумотларига кўра, ўша даврда собиқ президент Барак Обаманинг нутқи 400 минг долларгача, Билль Клинтон ва Жорж Бушнинг нутқлари 700 минг долларгача баҳоланган.
2001-2009 йилларда АҚШ президенти бўлган Жорж Буш-кичкина президентлик фаолияти тугагандан сўнг, Техаснинг Даллас шаҳрида «Президент кутубхонаси» ва сиёсий тадқиқотлар институтини ташкил этган. Шунингдек, Жорж Буш кичкина мамлакатда ҳар йили ўтказиладиган тоғ велоспорти марафони ва гольф спорти бўйича “Warrior Open” турнири ташкилотчиси ҳисобланади.
2009-2017 йилларда Оқ уй раҳбари бўлган Барак Обама президентлик фаолиятини якунлаганидан сўнг, “Обама жамғармаси”ни тузди. Жамғарма фаолияти доирасида собиқ президент асосан дунёдаги етакчи олий таълим муассасаларида маърузалар ўқиш билан шуғулланади. Шунингдек, у “Netflix” мультимедия компанияси раҳбари ҳисобланади. Компания томонидан суратга олинган “Америка фабрикаси” ҳужжатли фильми 2020 йилда “Оскар” мукофотига сазовор бўлган.
АҚШда президентлик фаолияти тугагандан сўнг ҳам Оқ уйнинг собиқ раҳбарлари қандай «кун кўриш» ҳақида қайғурмайди. Биринчи даражадаги давлат амалдорлари ойлик маошларига тенг келадиган нафақа пули, ҳарбий госпиталда бепул даволаниш, ўзи ва оиласининг муҳофазаси, ҳатто вафот этганида дафн маросими харажатлари ҳам давлат томонидан молиялаштирилади.
Зуҳра МИРЗАБОЕВА тайёрлади, ЎзА