Чуруқ овулида мустақиллик шодиёналари
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 32 йиллик шодиёналари Бухоро вилояти Шофиркон тумани Шароф Рашидов маҳалласига қарашли Чуруқ овулида ҳам катта тантана қилинди.
Байрам муносабати билан ҳудудда “Шофиркон деҳқон бозори” МЧЖ томонидан 16 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлаштирилган савдоси ташкил этилди. Тадбирда ҳоким ўринбосарлари, ташкилот, муассасалар вакиллари, Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, қолаверса, чуруқлик ёшлар ва кексалар қатнашди.
Миллий либосларда кўзларида ҳурлик фарзандлари эканлигидан ифтихор туйган болажонлар юрт, ватан, истиқлол, шукроналик, Ўзбекистон ҳақида баралла шеърлар мадҳ этиб, қўшиқлар куйлади. Уларнинг ҳар бир чиқишини тадбир иштирокчилари олқишлар билан кутиб олди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ИИБ бошқармаси бошлиғи М.Миралимов, туман раҳбари А.Файзиллоев, 39-мактаб директори М.Сулаймонов, маҳалла посбони Э.Турдиев, овуллик нуронийлар барчани Истиқлолнинг 32 йиллик тўйи билан қутлаб, самимий тилакларни изҳор этди. Байрам муносабати билан чуруқлик нуронийларга, меҳнат фахрийларига эсдалик совғалари, туман Нуронийлар кенгаши томонидан ташаккурномалар топширилди. Туман раҳбари А.Файзиллоев жорий йилда мактабга илк қадам қўяётган 5 нафар чуруқлик болажонларга 12 турдаги ўқув қуролларидан иборат “Президент совғаси”ни топширди.
[gallery-13291]
Тантана санъат усталарининг куй-қўшиқлари, рақсларига уланди. Байрамона дастурхон ёзилиб, ош тортилди. Нуронийлар мустақиллигимизнинг абадий бўлиши, тинчлигимизга кўз тегмаслиги, оилалар фаровонлиги, дастурхонлар тўкинлигини сўраб дуога қўл очди. Мутасадди раҳбарлар ҳудудда бўлиш давомида қайта қурилиши режалаштирилган 39-мактаб лойиҳаси юзасидан тегишли оқсоқоллар, фахрийлар билан фикр алмашиб, уларнинг таклифларини ўрганди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА