Чорвачиликда халқаро ҳамкорлик янги имкониятлар беради
Охирги йилларда Оҳангарон тумани чорвачилик салоҳиятини ошириш, фермер хўжаликларини юқори маҳсулдор наслдор қорамоллар билан таъминлаш мақсадида халқаро ҳамкорлик алоқалари кенгайтирилмоқда.
Айни кунларда туман ҳокими Б.Норқобилов Австрия давлатида бўлиб, наслчилик чорвачилиги йўналишида музокаралар олиб бормоқда. Ташриф доирасида Австриянинг “Rind Steiermark” компанияси раҳбарларидан бири Георг Штайнер билан қорамоллар генетикасини такомиллаштириш, наслчилик қийматини баҳолаш ва наслдор ҳайвонлар етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳамкорликда “Симментал”, “Голштин” ва “Қўнғир Швиц” зотларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, Польша давлатидаги наслдор қорамоллар экспортига ихтисослашган “Przedsiębiorstwo Holstein” компанияси бошқаруви раиси Моника Решко билан учрашув ўтказилди. Унда Европадан Ўзбекистонга наслдор қорамоллар олиб келиш, уларни генетик салоҳияти, соғлиғи ва маҳсулдорлигига қараб танлаш масалалари кўриб чиқилди.
Эришилган келишувлар доирасида Оҳангарон туманига наслдор қорамоллар етказиб бериш бошланди. Жумладан, “Azia Agro baraka” МЧЖга 270 бош симментал зотли қорамол олиб келинди. Яқин вақтда хўжаликка яна 230 бош қорамол етказиб бериш режалаштирилган. Бундан ташқари, тумандаги бошқа фермер хўжаликлари учун ҳам минг бошдан зиёд наслли қорамол олиб келиш кўзда тутилган.

Мазкур ташаббуслар чорвачиликни ривожлантириш, қорамоллар маҳсулдорлигини ошириш ва фермер хўжаликларининг наслчилик базасини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мутахассислар маълумотига кўра, Оҳангарон тумани бўйича 2026 йил қорамолчиликда 20 та лойиҳа қилиниши режалаштирилган. Шу билан бирга, ташаббускорлар томонидан тармоқ жадваллари шакллантирилиб, натижада қиймати 71 миллиард 792 миллион сўмлик 3 минг 321 бош наслли қорамоллар келтирилиши кутилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА