Чорвачилик ва саноат лойиҳалари амалда
Тошкент вилояти Оҳангарон туманида чорвачиликни ривожлантириш, ишлаб чиқариш тармоқларини кенгайтириш ва фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Эътиборлиси, бу борада хорижий давлатлар билан ҳамкорлик янада ортмоқда.
Хусусан, зотдор қорамолларни замонавий усулда кўпайтириш бўйича катта тажрибага эга Аргентинанинг “Werthein Agro” компанияси делегацияси мутахассислари Оҳангарон туманида бўлиб, бу ерда барпо этилган чорвачилик комплекслари фаолияти билан танишди.

Делегация Оҳангарон тумани ҳокими билан ўтказган икки томонлама ҳамкорлик борасидаги музокараларда қарийб 200 миллион долларлик лойиҳанинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. Дастлабки босқичда туман иқлим шароити, унинг ҳосилдорлигини ўрганиш муҳим экани айтиб ўтилди. Шунингдек, ҳозирда тумандаги эркин иқтисодий зона ҳудудида “Sigma Chemical Industry” МЧЖ томонидан умумий қиймати 624 миллиард сўмлик текстиль бўёқлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган завод қурилиши амалга ошмоқда.

Бунинг учун 12,5 гектар ер майдони ажратилган. Бугунги кунда асбоб-ускуналар олиб келинган, ишлаб чиқариш цехининг металл конструкцияси қуриб битказилиб, асбоб ускуналар хитойлик мутахассислар томонидан монтаж қилинмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сақлаш омбори, маъмурий бино ва ишчилар ётоқхонаси эса фойдаланишга топширилган. Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач 80 та янги иш ўрни яратилади.
А.Мусаев, ЎзА