Чорвачилик соҳасида малакали кадрлар тайёрлашда янги қадам
Мамлакатимизда чорвачилик тармоғини замонавий илм-фан ютуқлари асосида ривожлантириш, наслчилик ишларини такомиллаштириш ҳамда юқори малакали мутахассислар тайёрлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 12 майдаги “Чорвачилик тармоғи ва яйлов хўжалигини замонавий бошқарув тизими ва янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тармоқни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилаётган муҳим ҳуқуқий асослардан биридир.
Мазкур қарор ижроси доирасида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида сунъий уруғлантириш бўйича 10 кунлик ўқув курслари бошланди.
Тадбирда Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети, Самарқанд шаҳридаги Ветеринария мутахассисларининг малакасини ошириш институти, Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, филиал профессор-ўқитувчилари ҳамда мутахассислари, Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларида фаолият юритаётган сунъий уруғлантириш бўйича техник-осеминаторлар иштирок этмоқда.
Ўқув курсларининг биринчи кунида филиал директори, ветеринария фанлари доктори, профессор А.Есимбетов чорвачилик тармоғида замонавий технологияларни кенг жорий этиш, наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш ҳамда соҳа учун рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири эканини таъкидлади.
Ўн кунлик дастур назарий билимлар ва амалий машғулотларни ўз ичига олади. Тингловчилар чорва молларининг анатомияси ва физиологияси, репродуктив биология, сперма сифатини баҳолаш, уни сақлаш ва криоконсервация технологиялари, сунъий уруғлантириш ускуналари билан ишлаш, шунингдек, наслчилик ҳисобини юритиш, селекция ишларини ташкил этиш ҳамда чорва молларини илмий асосда озиқлантириш бўйича замонавий ёндашувларни ўзлаштирадилар.
Президент қарори билан белгиланган вазифаларнинг изчил ижроси доирасида йўлга қўйилган мазкур ўқув курслари замонавий билим, илмий тажриба ва амалий кўникмаларни ягона тизимга бирлаштириб, чорвачилик тармоғининг эртанги тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири