Навоий меросининг яна бир халқаро эътирофи
Устоз ижодкор, атоқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий ижодий меросини ўрганиш ва тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган ҳамюртларимиздан биридир.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати маълум қилишича, уюшманинг Адабий танқид кенгаши раиси, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборовнинг ҳазрат Алишер Навоий адабий мероси таҳлилига бағишланган монографияси Бокуда «Əmir Əlişir Nəvainin irfani dünyası» номи билан озарбайжон тилида нашр этилди.
Китобни Озарбайжон Миллий фанлар академияси Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институтининг Озарбайжон–Ўзбекистон–Туркманистон адабий алоқалари бўлими мудири, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикасининг «Дўстлик» ордени соҳиби Алмазхоним Улвий Биннатова ҳамда Табриз университети (Эрон) профессори, филология фанлари доктори Ҳусайн Хушботин озарбайжон тилига таржима қилган.
Нашрнинг илмий маслаҳатчиси — академик Исо Ҳабиббейли, тақризчиси — Яшар Қосим, муҳаррири эса Сирожиддин Ҳожидир.
Монография Озарбайжон Миллий фанлар академияси Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти Илмий кенгашининг қарори асосида чоп этилган. Китоб муқоваси ўрта асрлар меъморий обидалари фонида ҳазрат Алишер Навоий портрети ҳамда нафис миллий нақшлар билан безатилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, Озарбайжоннинг бош ахборот агентлиги — AZƏRTAC мазкур китоб нашри муносабати билан алоҳида мақола эълон қилди. Бу эса ушбу нашрнинг нафақат илмий, балки халқаро маданий аҳамиятга ҳам эга эканини кўрсатади. Монографиянинг озарбайжон тилида чоп этилиши икки қардош халқ ўртасидаги адабий ва маънавий алоқаларнинг яна бир амалий самарасидир.
Таъкидлаш жоизки, профессор Нурбой Жабборов Алишер Навоий ҳаёти ва бой адабий меросини илмий тадқиқ этиш, чуқур таҳлил қилиш ҳамда кенг жамоатчиликка тарғиб этиш борасида салмоқли ишлар амалга ошириб келмоқда. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида фаолият юритаётган олимнинг навоийшунослик соҳасидаги хизматлари тизимли ва серқирра.
Олимнинг ушбу йўналишдаги энг муҳим тадқиқотларидан бири — 2021 йилда нашр этилган «Маоний аҳлининг соҳибқирони» номли фундаментал монографияси. Асарда Алишер Навоий нафақат буюк шоир, балки йирик давлат арбоби, маърифатпарвар ва инсонпарвар шахс сифатида замонавий илмий ёндашувлар асосида таҳлил қилинган. Муаллиф Навоийнинг бунёдкорлик фаолияти, ижтимоий-сиёсий қарашлари ва давлат бошқарувидаги ўрнини тарихий ҳамда адабий манбалар асосида атрофлича ёритган.
Профессор Нурбой Жабборов тадқиқотларининг муҳим йўналишларидан бири Навоий ижодининг исломий-маърифий асослари ва тасаввуф фалсафасини ўрганишдан иборат. Олим шоир асарларидаги «маъно» ва «маъно аҳли» тушунчаларини Қуръони карим, ҳадиси шарифлар ҳамда тасаввуф таълимоти асосида таҳлил қилиб, уларнинг мазмун-моҳиятини илмий жиҳатдан асослаб берган. Шунингдек, Навоийнинг диний-ахлоқий қарашлари, «Вақфия» каби асарларидаги хайрия, саховат ва ижтимоий адолат ғояларининг бугунги кун учун ҳам долзарблигини илмий далиллар билан кўрсатиб келмоқда.
Олим Навоий асарларининг тил хусусиятлари ва бадиий маҳоратини тадқиқ этишга ҳам алоҳида эътибор қаратган. У шоир ижодидаги фонетик уйғунлик, лексик бойлик ва ўзига хос синтактик қурилмаларни таҳлил этиб, Навоий шакллантирган адабий тил меъёрларининг замонавий ўзбек адабий тили тараққиётидаги ўрнини асослаб берган.
Нурбой Жабборов Навоий меросини нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда ҳам фаол тарғиб қилиб келаётган олимлардан биридир. У халқаро илмий анжуманларда мунтазам маърузалар қилиб, навоийшунослик ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда. Ана шу хизматлари эътироф этилиб, 2023 йилда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг «Алишер Навоий» медали билан тақдирланган.
«Əmir Əlişir Nəvainin irfani dünyası» монографиясининг қардош Озарбайжонда нашр этилиши миллий адабиётимизни, хусусан, ҳазрат Алишер Навоийнинг бебаҳо адабий-маънавий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш йўлидаги муҳим амалий қадамлардан бири сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Назокат Усмонова, ЎзА