Чорвачилик: пухта тайёргарлик ўз самарасини беради
Бухоро вилоятида 300 бошдан 500 бошгача қорамоли бўлган хўжаликлар сони 102 тани, 500 бошдан 1000 бошгача қорамоли бўлган хўжаликлар сони 25 тани, чорва моллари 1000 бошдан кўп бўлган масъулияти чекланган жамиятлар 3 тани ташкил этади. Уларни қишдан беталафот олиб чиқиш мақсадида тизимда барча зарурий чоралар кўрилмоқда.
– Ҳар бир хўжаликдаги чорва моллари ветеринария ҳамда зоотехник мутахассислар назоратига олинган, – дейди Бухоро вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Носир Раҳматов. – Жорий йилда чорвачилик тармоғида қишловни беталафот ўтказиш мақсадида 1 миллион 600 тонна чорва озуқаси жамғарилди. Бу озуқа билан чорва қишловини 6 ой давомида озиқлантириш имкониятига эгамиз.
“Бухоро агрокластер” масъулияти чекланган жамиятга қарашли Қоровулбозор туманидаги замонавий чорвачилик комплексида қишловнинг масъулиятли жараёнларига жиддий ёндашилди. Дарҳақиқат, ишчи гуруҳ аъзолари бу ерда қишловга жуда катта тайёргарлик кўрилганлиги, чорвадорлар эса сергак ва ҳушёр туриб бу борада самарали иш олиб бораётганлигига гувоҳ бўлди.
– Бугунги кунда комплексимизда 3 минг бошдан зиёд қорамол парваришланмоқда, – дейди “Ўзбекчорванасл” бош директори ўринбосари Наргиза Аманбаева. – 30 тоннага яқин кунлик сут соғиб олиняпти. Қишни беталафот ўтказиш мақсадида белгиланган вазифаларни вақтида бажардик. Биргина қишлов учун мазкур чорвачилик комплексида 17 минг тоннадан зиёд силос жамғарилди. Бундан ташқари, дағал хашак, кучли озуқани жамғариб, сигирларимизга бир хил типдаги озиқлантириш ишларини узвий давом этиб келяпмиз. Сабаби бу ўз навбатида маҳсулдорликка таъсир қилади. Қишни совуқ кунига қарамасдан биз ана шу наслли қорамолларни қишки совуқдан стресс олмаслиги учун иситиш чораларини ҳам кўрганмиз.
Комплексда ишлаб чиқилган “Хўжаликдан дастурхонгача” тизими ҳамда бу ерда яратилган 500 ўринли доимий иш ўрни, қолаверса, ходимларнинг ишлаши учун яратилган қулай шароитлар меҳнат жамоасини қиш даврида ишонч билан фаолият кўрсатиши учун мустаҳкам замин бўлмоқда. Жамоада янгича ёндашувлар асосида “Яшил озуқа” ишлаб чиқариш жараёнлари ҳам қишки озуқа базасининг энг муҳим жиҳатларидан бири. Эътиборли томони, шу орқали изғирин бўлишига қарамай маҳсулот ишлаб чиқариш бир маромда олиб борилмоқда.
Биз қишловни Қоровулбозордаги йирик қорамолчилик комплекси мисолида таҳлил қилдик. Мутахассислар эътирофича, Бухорода чорвачилик драйвер соҳалардан бирига айланган. Шу маънода қиш мавсумини яхши ўтказиш учун барча шароитлар яратилган.
Қишлов бу масъулиятли синов. Пухта тайёргарлик кўрилган жойда эса ҳаммаси рисоладагидек бўлади. Буни қоровулбозорликлар тажрибасида ҳам кўрса бўлади. Таъкидлаш жоиз, қоракўлчиликка ихтисослашган хўжаликлар томонидан ўтган йиллар давомида 30 га яқин маҳаллий лойиҳалар ишга туширилди.
[gallery-15115]
“Қоровулбозор” МЧЖда ҳам корхона барпо этиш орқали қоракўлчилик янада ривожлантирилмоқда. Айниқса, ҳозирги қиш палласида сервитамин озуқага эҳтиёж катта. Ишга туширилган янги лойиҳалар эса мазкур эҳтиёжни қондиришга хизмат қилмоқда.
Бухорода кейинги йилларда чорвачилик ва қоракўлчилик тармоғида олиб борилаётган бир қатор илмий ёндашувлар баробарида соҳадаги узоқ йиллар давомида тўпланган тажрибаларга уйғун равишда амалга оширилаётган замонавий лойиҳалар ўз натижаларини бермоқда. Янги 2024 йилда ҳам бу борадаги эзгу ва хайрли ишлар бардавом бўлишига ишончимиз комил. Бу эса келгусида халқимиз фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.