Чорвачилик мажмуалари фаровонликка хизмат қилади
Наманган вилоятининг Уйчи туманида Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан замонавий чорвачилик комплекслари иш бошлади.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда қайд этилганидек, Президентимизнинг 2025 йил 31 октябрдаги “Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳада янги имкониятлар эшигини очди.
Мазкур қарорга кўра, фермер хўжаликларига чорвачиликни ривожлантириш учун енгил конструкцияли бинолар, сув резервуарлари ва озуқа сақлаш омборхоналарини барпо этиш имконияти яратилди. Ушбу ҳужжат ижроси доирасида туманда 60 та фермер хўжалигига чорвачилик объектлари қуришга рухсат берилган. Бугунги кунда 30 тасида қурилиш ишлари бошланиб, 21 таси қуриб битказилди. Мустақиллик байрами арафасида қўйчилик ва қорамол, паррандачилик объектлари фойдаланишга топширилди.

“Бобур” фермер хўжалиги томонидан ташкил этилган замонавий чорвачилик комплексида наслдор қорамолчилик йўналишида 40 бош симментал ва голштин зотли қорамоллар парвариш қилинмоқда. Шунингдек, гўшт йўналишида 5 минг бош парранда ҳамда тухум йўналишида 6 минг бош наслли товуқ етиштириш йўлга қўйилган.

Лойиҳа доирасида йил давомида 50 тонна парранда гўшти, 91 тонна сут ва 87 минг 600 дона тухум ишлаб чиқариш режалаштирилган. Натижада аҳолининг сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига, хусусан, гўшт, сут ва тухум маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашга муносиб ҳисса қўшилади.

Янги комплекс ишга туширилиши билан 10 та янги иш ўрни яратилди. Бу эса маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ташаббускор чорвадор Нодирбек Абдунабиев томонидан Гулбоғ маҳалласида ташкил этилган наслли қўйчилик хўжалиги ҳам ўз фаолиятини бошлади. Айни пайтда хўжаликда 100 бош арашан зотли наслли қўй парвариш қилинмоқда. Бу ерда қўйчиликда селекция ишларини ривожлантириш, насл сифатини яхшилаш ва юқори маҳсулдор чорва молларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бундай ташаббуслар Наманган вилояти, хусусан Уйчи туманида чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш, наслчилик базасини мустаҳкамлаш, аҳолини сифатли чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлаш, шунингдек, янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири