Чорва билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг аэропорт хизматларига кетадиган харажатлари камайтирилади
Ўзбекистонга хориждан чорва молларини ҳаво орқали олиб кирувчи тадбиркорлар учун аэропорт хизматларида янги имтиёзлар жорий этилди.
“Uzbekistan Airports” АЖ юк қабул қилувчилар учун мамлакатга ҳаво транспорти орқали олиб кириладиган чорва молларига ишлов бериш бўйича имтиёзли тарифларни жорий қилди. Янги тарифлар Ўзбекистон халқаро аэропортларида ҳаво орқали олиб келинадиган йирик шохли қорамол, қўй ва эчкиларга ишлов бериш хизматлари учун қўлланилади. Имтиёзли тариф доирасида самолёт қўнгандан кейин амалга ошириладиган асосий хизматлар — ҳайвонларни қабул қилиб олиш ва тушириш, уларни жойлаштириш ҳамда белгиланган аэропортда юкка ишлов бериш ишлари қамраб олинади.
Бу тадбиркорларга нима беради?
Янги тарифлар, аввало, импорт билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг аэропорт хизматларига кетадиган харажатларини камайтиришга хизмат қилади. Бу эса чорва молларини Ўзбекистонга етказиб беришнинг умумий таннархини пасайтириш имконини беради. Айниқса, катта ҳажмдаги чорва моллари импорт қилинганда логистика харажатларининг камайиши якуний нархга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
“Uzbekistan Airports” АЖ Тижорат департаменти маълум қилишича, тарифлар, уларни қўллаш тартиби ва хизмат кўрсатиш шартлари ҳақида батафсил маълумот олиш учун юк қабул қилувчилар бевосита Ўзбекистон халқаро аэропортларига мурожаат қилишлари мумкин. Тариф сиёсатининг янгиланиши чорва молларини ҳаво орқали ташишни тадбиркорлар учун янада жозибадор қилиш билан бирга, мамлакат аэропортларида юк ташиш йўналишини ривожлантиришга ҳам туртки бериши кутилмоқда.
Янги имтиёзлар натижасида чорва молларини импорт қилишда логистика харажатларининг қисқариши, тадбиркорлар учун қулайликларнинг ошиши ва ички бозорда чорвачиликни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар пайдо бўлиши мумкин.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА