Чортоқда “Ёшлар зиё маскани” — замонавий капсула кутубхонаси фойдаланишга топширилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Чортоқ туманида ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, китобхонлик маданиятини кенг тарғиб этишга қаратилган яна бир муҳим лойиҳа амалга оширилди.
Алишер Навоий номли маҳаллада замонавий капсула кутубхонаси — “Ёшлар зиё маскани” фойдаланишга топширилди.
Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан барпо этилган мазкур масканнинг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Илҳом Сатторов, Нодирабегим номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази директори, соҳа масъуллари, китобхон ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиши ва ўз устида ишлаши учун кенг имкониятлар яратилаётганини таъкидлаб, мазкур кутубхона ана шу эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси эканини қайд этди.
[gallery-30231]
Таъкидланганидек, бундай инновацион билим масканлари ёшларни китоб мутолаасига кенг жалб этиш, уларнинг дунёқараши ва тафаккурини бойитиш, интеллектуал салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Капсула кутубхонаси бадиий адабиётлар, жаҳон ва ўзбек классиклари асарлари, илмий-оммабоп, мотивацион ҳамда шахсий ривожланишга оид сара китоблар билан таъминланган. Шунингдек, ёшлар учун барча замонавий ва қулай шароитлар яратилган бўлиб, улар бу ерда эркин мутолаа қилиши, билим ва кўникмаларини бойитиши, изланиши ҳамда мазмунли вақт ўтказиши мумкин.
“Ёшлар зиё маскани” эндиликда нафақат кутубхона, балки ёшларнинг ўзаро фикр алмашуви, янги ғоялар устида ишлаши ва интеллектуал ривожланиши учун хизмат қиладиган замонавий маърифат маркази вазифасини ҳам бажаради.
Бу каби лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши китобхонлик маданиятини юксалтириш, билимли ва ташаббускор авлодни тарбиялаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА