“Чор чинор” катталарга ҳам хизмат кўрсатади
Ёзнинг жазирамаси барчани соя-салқин жойларга чорламоқда. Айниқса, тоғ ва тоғ олди ҳудудларда жойлашган дам олиш масканлари аҳоли билан гавжум. Бундай пайтларда болалар ёзги дам олиш масканлари ота-оналарга фарзанди учун энг қулай жой ҳисобланади.
Ургут туманида, тоғлар бағрида жойлашган “Чор чинор” оромгоҳи ана шундай бетакрор табиатга эга масканлардан бири. Ўн гектар ҳудудни эгаллаган оромгоҳ айни пайтда юзлаб болажонларни ўз бағрига олган.
– Оромгоҳимиз 300 ўринга мўлжалланган бўлиб, саккизта ётоқхона, тиббиёт бўлими, спорт майдончаси, кутубхона, компьютер хонаси, тўгараклар, бассейн ташкил этилган, — дейди оромгоҳ директори Анвар Фазлиев. – Бу йилги мавсумда болаларни соғломлаштириш, дам олишларини мазмунли ташкил этиш мақсадида ётоқхона ва хоналардаги жиҳозлар янгиланиб, болажонлар учун зарур шароитлар яратилди. 50 нафардан зиёд малакали тарбиячи-мураббий ва ишчи-ходимлар жалб этилди. Ҳозирга қадар оромгоҳда тўртинчи давра билан ҳисоблаганда 1300 нафарга яқин болалар соғломлаштирилмоқда. Тўртинчи давра тугагандан сўнг режадан ташқари, бешинчи даврада ҳам 300 нафар болаларни дам олдириш кўзда тутилган. Бир давра 12 кундан иборат бўлиб, ҳар бир кун учун алоҳида дастур асосида машғулотлар олиб борилади. Жумладан, болаларнинг вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида уларнинг қизиқишига қараб, спорт, китобхонлик, компьютер саводхонлиги, мусиқа ва санъат тўгараклари, интеллектуал ўйинлар ҳамда ушбу йўналишларда кўрик-танловлар ташкил этилиб, фаол ёшлар рағбатлантирилади. Фаолиятимиздаги янгиликлардан бири бундан буён муассасани фақатгина ёзги мавсумда эмас, балки йил давомида ишлашини ташкил этиш бўйича тегишли вазифалар белгиланган. Шу асосда болаларнинг ёзги соғломлаштириш мавсуми якунлангандан сўнг оилавий дам олувчилар, катталар учун дам олиш имкониятлари яратилади. Пуллик хизмат кўрсатиш асосида ташкил этиладиган дастуримиз аҳолига манзур бўлади, деган умиддамиз.
Оромгоҳда самарқандлик болалар билан биргаликда Тошкент, Жиззах ва Бухоро вилоятларидан келган ўқувчилар ҳам дам олиб, ёзни мароқли ўтказмоқда.
– Чирчиқ шаҳридан келдим, бу маскан менга жуда ёқди, – дейди Диёрбек Ёқубжонов. – Оромгоҳнинг табиати зўр экан. Маза қилиб дам оляпман. Янги дўстлар орттирдим. Улар билан мусобақа ва танловларда фаол иштирок этиб, оромгоҳ директори кубогини қўлга киритиш учун ҳаракат қиляпмиз. Шунингдек, инглиз тилидаги тўгаракка қатнашяпман. Инглиз тилида қўшиқ ҳам ўргандим.
– Оромгоҳ менга ҳам жуда ёқди, устозларимиз меҳрибон, овқатлари мазали, – дейди пастдарғомлик Шоҳиста Фозилова. – Инглиз тилига қизиқаман. Бу ерда ҳам инглиз тили тўгараги борлиги мени қувонтирди. Шунингдек, “Баркамол авлод” болалар мактабининг “Моҳир қўллар” тўгарагига ҳам қатнашяпман. Унда турли нарса-буюмлар ясашни ўрганиб олдим. Табиат қўйнига саёҳатлар менга олам-олам таассуротлар улашмоқда. Оромгоҳ мазза.
[gallery-18496]
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси қошидаги болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти вилоят бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилги мавсумда вилоятдаги 16 та оромгоҳда 9600 нафардан ортиқ болани соғломлаштириш ва дам олдириш режалаштирилган. Айни пайтга қадар 6685 нафар болажон оромгоҳларга жалб қилинган. Август ойида департамент тасарруфидаги Ургут туманида жойлашган “Чор чинор” ва Самарқанд туманидаги “Сафеди” болалар соғломлаштириш оромгоҳларида бешинчи давра ҳам ташкил этилиб, уларда 500 нафарга яқин болалар дам олиши кўзда тутилган.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/SBKbFlV21Y4?si=OHMoV_Nd9My7JED3" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат, видео), ЎзА мухбирлари