Чўққиларда қор – тоғ этакларида сержило баҳор...
Сурхондарё вилоятининг энг мафтункор гўшаларидан бири –“Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи Ҳисор тоғ тизмалари бағрида жойлашган. Осмонўпар чўққилар ҳали ҳам оппоқ қор оғушида бўлса-да, тоғ этаклари яшилликка бурканиб, гўзал табиати кишини ўзига ром этаётир. Ноёб ҳайвонот ва ўсимлик дунёси табиат шайдоларининг ҳайратини оширмоқда.
– Табиат боғимизга яна мафтункор баҳор ўз сепини ёйди, – дейди “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи директори Нуриддин Саттаров. – Ёввойи ҳайвонлар қиш уйқусидан уйғониб, теварак-атрофда кўзга ташланмоқда. Судралиб юрувчи жониворлар сокин инидан чиқиб, қуёшнинг илиқ тафтида тобланмоқда. Турли дов-дарахтлар ҳосил нишонларини кўрсатаётир. Лолақизғалдоқ, чучмома каби гул ва ноёб шифобахш гиёҳлар борлиққа ўзгача гўзаллик бағишлаб, димоққа хуш ёқадиган ифорини улашмоқда. 27 минг 851 гектар майдонда ястаниб ётган “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи ҳар йилгидан ҳам сержило манзаралари билан гўзаллик шайдоларини ўз бағрига чорламоқда.







Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА