Чироқчида чинни маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда
Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятига қаратилаётган эътибор туфайли соҳа жадал ривожланмоқда.
Бир пайтлар фақатгина чорвачилик ва қишлоқ хўжалигига ихтисослашган деган тасаввур уйғотиб келган Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида ҳам кўплаб истиқболли лойиҳалар амалиётга татбиқ этилиб, ҳудудда кичик корхона ва заводлар сони кўпайишига, пировардида янги иш ўринлари яратилишига, туман иқтисодининг юксалишига хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ҳудудларда ташкил этилган кичик саноат зоналари тадбиркорларнинг лойиҳаларини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Чироқчи туманининг Мустақиллик маҳалласидаги кичик саноат зонасида ҳам тадбиркорлар томонидан 16 та истиқболли лойиҳа амалга оширилиши натижасида 221 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Жумладан, саноат зонасида тадбиркор Собир Хоналиев томонидан 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ эвазига чинни рўзғор буюмлари ишлаб чиқариш цехи ўз фаолиятини бошлади. Дастлабки, босқичда 4 турдаги чинни буюмлар ишлаб чиқарилаётган бўлса, иккинчи босқичда яна 8 турдаги чинни буюмлар ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда.

Энг муҳими, чинни буюмлар ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хомашё захираси туманнинг ўзида мавжуд. Цех фаолиятини бошлаши билан биринчи босқичда 10 нафар аҳоли бандлиги таъминланган бўлса, иккинчи босқичда эса 30 та янги иш ўрни яратилиши мақсад қилинган.
– Юртимизда тадбиркорлар учун яратилган имтиёз ва имкониятлардан фойдаланиб, таваккал қилиб мана шу чинни цехини очдик, – дейди корхона раҳбари Собир Хоналиев. – Асосий эътиборни сифатга қаратганмиз. Чойнак, пиёла, коса каби чинни идишлар ишлаб чиқаряпмиз. Фаолиятимизни яқиндагина бошладик. Келгусида цехимизни янада кенгайтириб, 20 хил турдаги чинни идишлар ишлаб чиқаришни ва кўплаб иш ўринлари яратишни ният қилиб турибмиз.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири