Чирчиқда ёш мусиқачиларга миллий чолғулар совға қилинди
Чирчиқдаги мусиқа мактабида Ўзбек миллий чолғу ижрочилигини ривожлантириш мақсадида муҳим тадбир ўтказилди. Устоз Тоир Қўзиев иштирокидаги учрашув ёш истеъдодларга илҳом бағишлади.
Ўзбек мусиқаси ўзининг жозибаси билан жаҳон мусиқасидан ажралиб туради. Унинг тароватини ёшлар онгига муносиб сингдириш ҳамда устозлар фаолиятини уларга ибрат қилиб кўрсатиш орқали миллий мусиқамиз келажагига муносиб ҳисса қўшиш мумкин.
Айни шу мақсадда, Чирчиқ шаҳридаги 3-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида Ўзбекистон Миллий чолғу ижрочилиги ижодий бирлашмаси раиси Тоир Қўзиев иштирокида ижодий учрашув ва маҳорат дарси ташкил этилди.
Масъуллар мактабдаги таълим жараёни, ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишиш билан бирга, ўқувчилар томонидан тайёрланган концерт дастуридан баҳраманд бўлди.
Устоз ижодкор Тоир Қўзиев маҳорат дарси давомида ёш ижрочиларга миллий чолғу ижрочилиги ва ижро маҳоратини ошириш бўйича тавсиялар берди.
Тадбир якунида фаол иштирок этган ўқувчиларга Ўзбекистон Миллий чолғу ижрочилиги ижодий бирлашмаси томонидан миллий чолғу созлари топширилгани ёш истеъдод эгаларига кутилмаган қувонч ва улкан марраларни кўзлашга ишонч бахш этди.
Шербек Исломов,
ЎзА