Чирчиқ шаҳри қишга тайёрми?
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Чирчиқ шаҳрининг қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини кўздан кечирди.
Ҳозир ҳудуддаги Иқбол маҳалласида жойлашган туғруқхона қозонхонаси тўлиқ таъмирланиб, ишга туширилган. 9 та кўп қаватли ва 2 та ижтимоий соҳа объектининг иссиқлик таъминоти ҳам тўлиқ яхшиланди.

Ўрганишлар давомида совуқ кунларда бу биноларни мунтазам назоратга олиш, кўп қаватли уйларнинг фасад қисми, маҳалланинг коммунал тармоқларини тартибга келтириш бўйича раҳбарларга топшириқлар берилди.

Шунингдек, Мирзоғолиб ва Нур маҳаллаларидаги янгидан қурилаётган қозонхона, Бобур маҳалласидаги 10 та кўп қаватли уйнинг иссиқлик тизими, “Алея” болалар ўйингоҳи ҳамда автотураргоҳ ҳолати кўздан кечирилди.

Аҳоли билан суҳбатда муаммоларни бартараф қилиш бўйича мурожаатлар тингланди.

Бундан ташқари, мутасаддилар ҳудуддаги 8-қозонхонада якунига етказилган таъмирлаш жараёнлари ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар билан ҳам яқиндан танишди.
А.Мусаев,
ЎзА мухбири