Чирчиқ дарёсида ноқонуний балиқ овланган
Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари томонидан жорий йилнинг 25 мартидан 26 мартга ўтар кечаси ноқонуний балиқ овининг олдини олиш мақсадида навбатдаги экологик назорат тадбирлари ташкил этилди.
Ўрганишларга кўра, Қуйичирчиқ тумани “Қўрғонча” ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсининг чап қирғоғида фуқаролар Э. Х. ва Б. Ж. томонидан ноқонуний усулда, яъни айлана тўр ёрдамида балиқ овланаётганганлиги аниқланган. Ҳуқуқбузарлик натижасида 204 та балиқ овланиб, бу орқали табиатга 20 миллион 774 минг сўм зарар етказилган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан фуқароларга нисбатан МЖтКнинг 90-моддаси 4-қисмига асосан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, керакли чора кўрилишини таъминлаш мақсадида суд органларига юбориш учун тайёрланмоқда. Овланган балиқлар эса 4-сонли ихтисослаштирилган мактаб интернатига беғараз топширилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, мавжуд қонунчиликка кўра, табиий сув ҳавзаларидаги ихтиофауна объектлари умуммиллий объект бўлиб, ундан оқилона фойдаланиш давлат томонидан муҳофаза қилинади. Табиий сув ҳавзаларида яшаётган, шунингдек, табиий яшаш муҳитига чиқариб юборилган балиқлар давлат мулкидир. Балиқ овлаш жойларида балиқ овлаш воситалари ёки балиқ ови маҳсулотлари билан бўлиш ҳам балиқ овлашга тенглаштирилади. Спорт-ишқибозлик туридаги ҳамда саноат усулида балиқ овлашга белгиланган тартибда рухсат берилган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча табиий сув ҳавзалари балиқ овлаш ҳудудлари ҳисобланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА