Чиқиндиларни утилизация қилиш бўйича ҳамкорлик
Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди. Бу эса, сўнгги йилларда экология йўналишида юртимизда изчиллик билан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Президентимизнинг ташаббуси билан юртимизда бу борада кўплаб хайрли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтиш лозим. Бундан уч йил аввал “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига старт берилиб, “яшил” энергетика иқтисодиётимиз бош тамойилларидан бирига айланиб бораётганлиги фикримизнинг исботидир.
Ўзбекистон Республикаси Экология вазирлиги Корея атроф-муҳитни муҳофаза қилиш корпорацияси (K-Еko) билан ҳамкорликда мамлакатимизда чиқиндиларни барқарор утилизация қилиш иншоотларини қуриш бўйича янги ҳамкорлик лойиҳаларини имзолади. Лойиҳани амалга оширишда антисанитар чиқинди полигонидаги экологик вазиятни яхшилаш, чиқинди газини йиғиш ва электр энергия ишлаб чиқариш орқали иссиқхона газлари чиқиш миқдорини камайтириш мақсадлари кўзланган.
Мазкур лойиҳа 2024 йилнинг 16 декабрь куни имзоланган бўлиб, 2026 йилнинг декабрь ойига қадар давом этади. Лойиҳа объекти Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани марказий чиқинди полигони ҳисобланади. Мазкур полигоннинг умумий ер майдони 25 гектарни ташкил этиб, бу ерга кунига Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов тумани аҳолиси хонадонларида ҳосил бўлган 336 тонна қаттиқ маиший чиқинди олиб келинади.
Лойиҳа доирасида чиқиндиларни қазиш, кўмиш ва улардан электр энергияси олиш, яъни чиқинди газини йиғиш ва электр энергияси ишлаб чиқариш иншоотларини қуриш, электр энергияси ишлаб чиқариш иншоотларини ўрнатиш ва ҳудудий электр тармоқларига улаш ишлари олиб борилади.
[gallery-21415]
Шунингдек, ҳамкорликдаги лойиҳа шартлари кўра, ўзбекистонлик соҳа мутахассислари иссиқхона газларини камайтириш, чиқинди газларини йиғиш ва электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳасининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида Корея Республикасида семинар машғулотларини ўташи ҳам режалаштирилган.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари