Чиқиндиларни қайта ишлаш йўлга қўйилди
Сирдарё вилоятининг Боёвут туман тиббиёт бирлашмасида ЮНИСЕФнинг 1 миллиард 748 миллион сўмлик грант маблағи ҳисобидан санитар-экологик талабга жавоб берадиган чиқиндиларни қайта ишлайдиган утилизация шохобчаси фойдаланишга топширилди.
– Янги, замонавий утилизация шохобчаси фойдаланишга топширилганига қадар туман тиббиёт бирлашмамиз даволаш профилактика бўлимларидан чиқаётган чиқиндилар махсус печлар ёрдамида, ёндириларди, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Акромжон Азизқулов. – Эндиликда замонавий шохобча ҳисобига иккита иш ўрни ҳам яратилиб, унда ишлайдиган ходимлар ҳимоя воситалари билан таъминланди. Италия технологияси асосида жиҳозланган замонавий утилизация шохобчаси эса олдингидан мутлақо фарқ қилиб, тиббий биологик чиқиндиларни майдалаб, дезинфекция воситалари орқали катта босим остида зарарсизлантириб, атроф-муҳитга мутлақо зарар етказмайдиган ҳолда қайта ишлаб, ярим тайёр маҳсулотга айлантирилмоқда.
Бундан ташқари, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли олис ҳудуддаги 10 та оилавий поликлиникада захира омборлари қурилиб, тиббий биологик чиқиндиларни тўплаш, зарарсизлантириш ишлари ҳам йўлга қўйилди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири